«Ўзмиллийбанк» АЖда маърифий ўқув-семинари ўтказилди
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаш, миллий маънавиятимиз ва бой тарихий меросимизни эъзозлаш ҳамда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда инсон капиталининг ўрнини янада ошириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан «Ўзмиллийбанк» АЖда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқининг мазмун-моҳиятини Банк ходимларига етказиш ҳамда унда илгари сурилган эзгу ғоя ва ташаббусларнинг ижтимоий-маънавий аҳамиятини кенг ёритишга қаратилган маърифий ўқув-семинари ташкил этилди.
Тадбирда Банк ходимлари иштирок этди. Анжуман давомида мамлакатимизнинг кўп асрлик давлатчилик анъаналари ва миллий-маънавий меросидан бошлаб, мустақиллик йилларидаги ислоҳотлар ҳамда келгуси ўн йиллик учун белгиланган тараққиёт йўналишларигача бўлган масалалар ўзаро боғлиқликда таҳлил қилинди ва муҳокама этилди.

Ўқув машғулотига фалсафа фанлари доктори (DSc) Жалолиддин Кадамович Юсубов ҳамда иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Эшмурод Нормурадович Рахимов лектор сифатида таклиф этилди.
Семинарнинг биринчи йўналиши — «Уч минг йиллик илдиздан инсон қадригача: тарихий ворислик, миллий ўзлик ва 35 йиллик ислоҳотларнинг ўлчови» мавзусига бағишланди. Унда тарихий ворислик, миллий ўзлик ва маънавий мерос масалалари бугунги тараққиёт жараёнлари билан узвий боғлиқ ҳолда ёритилди. Тақдимотнинг асосий мантиқи икки йўналишни бирлаштирди: бир томонда — уч минг йиллик давлатчилик анъаналари ва Учинчи Ренессанс ғояси, иккинчи томонда эса инсон қадри ва мустақиллик йилларидаги ислоҳотлар натижалари ўз аксини топди.

Лекторлар миллий давлатчилик тарихининг давомийлиги, Амир Темур ва Алишер Навоий сингари буюк аждодларимиз мероси, юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг жаҳон илм-фани ва тафаккури ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида атрофлича фикр юритдилар. Хусусан, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоийнинг илмий-маънавий мероси Учинчи Ренессанс учун тарихий ва маърифий пойдевор сифатида кўриб чиқилди.

Семинарнинг яна бир муҳим йўналиши мустақиллик йилларида инсон қадри тушунчасининг давлат ва жамият тараққиётидаги ўрнига бағишланди. Таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар ва бошқа ижтимоий йўналишлардаги ўзгаришлар тарихий тараққиётнинг бугунги босқичи билан боғлиқ ҳолда таҳлил қилинди.

Хусусан, етти миллий дастур уч асосий қатлам — ижтимоий асос, иқтисодий ривожланиш ва барқарорлик нуқтаи назаридан шарҳланди. Билим ва соғлиқ инсон капиталининг асоси, юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлиги иқтисодий ривожланиш омили, сув ва экология, қонун устуворлиги, маҳалла, тинчлик ҳамда бағрикенглик эса узоқ муддатли барқарор тараққиётнинг муҳим шартлари сифатида ёритилди.

Айниқса, иқтисодий ривожланиш масалалари Банк ходимлари учун профессионал фаолият нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Юқори технологиялар, меҳнат унумдорлиги, инвестициялар, юқори даромадли иш ўринларини яратиш, стартаплар, венчур молиялаштириш ва сунъий интеллектни ривожлантириш каби замонавий йўналишлар юзасидан келтирилган маълумотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир давомида тарих, бугунги кун ва келажак бир-биридан ажралган тушунчалар эмаслиги, аксинча, миллий тараққиётнинг ўзаро боғлиқ босқичлари экани асосий ғоялардан бири сифатида намоён бўлди. Кўп асрлик илмий ва маънавий мерос, мустақиллик йилларида тўпланган тажриба ҳамда инсон капиталига қаратилган замонавий ислоҳотлар мамлакатнинг келгуси ривожланиши учун муҳим омиллар сифатида баҳоланди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, «Ўзмиллийбанк» АЖда ташкил этилган мазкур ўқув-семинари ходимларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англаш, уларни тарихий тараққиёт жараёнлари билан боғлиқ ҳолда кўриб чиқиш ҳамда миллий юксалишнинг келгуси устувор йўналишлари ҳақида яхлит ва мукаммал тасаввур ҳосил қилиш имконини берди.
Камола Юсупова,
ЎзА