"Ўзэнергоинспекция": 135 нафар ходим жавобгарликка тортилди
Энергетика соҳасида интизомни мустаҳкамлаш, хизмат сифатини ошириш ва масъулиятни кучайтиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Бу борада ходимлар фаолиятини танқидий баҳолаш, камчиликларга нисбатан қатъий чора кўриш устувор аҳамият касб этмоқда.
"Ўзэнергоинспекция" бошлиғи Дадажон Исақулов раислигида ўтказилган йиғилишда жорий йилнинг биринчи чорагида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Унда соҳада хизмат интизомини мустаҳкамлаш, масъулиятни ошириш ва камчиликларга нисбатан муросасиз муносабатни таъминлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Ўрганишлар натижасида хизмат вазифаларига совуққонлик билан ёндашган ва топшириқларни ўз вақтида бажармаган ходимларга нисбатан интизомий чоралар кўрилди. Жами 135 нафар ходим жавобгарликка тортилди. Хусусан, 67 нафар ходим огоҳлантирилди, 60 нафар ходимнинг рағбатлантириш тўловлари қисқартирилди. Шунингдек, 4 нафар ходимга ҳайфсан эълон қилиниб, яна 4 нафар ходим лавозимидан озод этилди.
Ҳудудларда ишларни ташкил этишда йўл қўйилган камчиликлар ҳам жиддий танқид қилинди. Жумладан, Бухоро, Жиззах ва Наманган ҳудудий бошқармаларида сусткашликка йўл қўйилгани учун мазкур бошқармалар бошлиқлари ўринбосарлари лавозимидан озод этилди.
Шу билан бирга, инспекциянинг назорат-кимё лабораториялари томонидан нефть маҳсулотлари сифатини таъминлаш юзасидан олиб борилган назорат ишларида ҳам камчиликлар аниқланиб, масъул ходимларга тегишли огоҳлантиришлар берилди.
Йиғилишда соҳада коррупциянинг олдини олиш, шаффофликни таъминлаш ва назорат механизмларини янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир якунида ҳудудий бошқармалар масъулларининг ҳисоботлари эшитилиб, аниқ вазифалар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА