“Ўзбекнефтгаз” ва “Bank of China” молиявий ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Токио шаҳрида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари бошчилигидаги делегация ҳамда “Bank of China”нинг Япониядаги ваколатхонаси раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, кредит портфелини оптималлаштириш ва молиявий харажатларни камайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан давлат кафолати остида аввал жалб қилинган юқори фоизли кредитларни қайта молиялаштириш бўйича “Bank of China” билан мандат битими имзоланди. Шунингдек, қайта молиялаштириш жараёнининг асосий шартлари бўйича томонлар ўртасида келишувга эришилди.
Мазкур механизмни амалга ошириш орқали жамиятнинг кредит мажбуриятларини самарали бошқариш, фоиз харажатларини камайтириш ҳамда молиявий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.

Келишув Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мувофиқлаштирувчи комиссия томонидан белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ахборот хизмати маълум қилишича, учрашувда узоқ муддатли инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро молиявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, истиқболли лойиҳалар доирасида ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА