Ўзбеклар ва эстонларни нима боғлаб туради? (+видео)
"Халқ дипломатияси"
Ўзбекистон ва Эстония халқларини қандай тарихий ришталар боғлаб туради? Нега бир-биридан узоқда яшайдиган бу икки миллат ўртасида ўзаро ҳурмат ва яқинлик туйғуси шаклланган?
Шу каби саволларга тарихчи олим Равшан Ҳомитов билан суҳбат жараёнида жавоб олдик. Унинг таъкидлашича, эстонлар билимли, тартибли, меҳнатсевар ва камгап халқ сифатида танилган бўлса, ўзбеклар меҳмондўстлиги, бағрикенглиги ва очиқкўнгиллиги билан ажралиб туради. Ана шу фазилатлар икки халқни асрлар давомида бир-бирига яқинлаштириб келган.
Тарихий манбаларга кўра, ўзбеклар ва Болтиқбўйи халқлари ўртасидаги алоқалар ўрта асрлардаёқ шаклланган. Савдо йўллари орқали йўлга қўйилган муносабатлар кейинчалик маданий алмашинувларга ҳам замин яратган. Археологик топилмалар, жумладан, Марказий Осиёдан Болтиқбўйи ҳудудларига оид ашёларнинг, Эстония ва қўшни ҳудудлардан эса Хоразмшоҳлар даври тангаларининг топилиши бу алоқаларнинг қадимий илдизларга эга эканини кўрсатади.
Суҳбат давомида икки халқ тақдиридаги муҳим бурилиш нуқталари ҳам тилга олинди. Хусусан, XVIII–XIX асрларда Россия империясининг ҳам Эстония, ҳам Марказий Осиё ҳудудларига кириб келиши икки халқнинг ўзаро мулоқот қилиш имкониятларини кенгайтирган. Кейинчалик совет даврида эстонларнинг бир қисми Ўзбекистонга кўчиб келиб, маҳаллий аҳоли билан яқин муносабатлар ўрнатган.
Тарихий жараёнлар шуни кўрсатадики, минглаб чақирим билан ажралиб турган халқларни нафақат савдо ёки сиёсий воқеалар, балки ўзаро ҳурмат, маданий мулоқот ва инсон қадриятлари ҳам бирлаштириб келган. Суҳбатимиз давомида айнан шу тарихий боғлиқликлар ҳақида батафсил фикр юритилди.
Суҳбатнинг тўлиғини ЎзАнинг You Tube каналида кўришингиз мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/WS4gZd-Rxs4" title="O‘zbeklar va estonlarni nima bog‘lab turadi? "Xalq diplomatiyasi"" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
Н.Абдувоитов,
А.Аҳмедов (видео), ЎзА