Ўзбекистоннинг сув соҳасидаги ислоҳотлари Жаҳон банки томонидан юқори баҳоланди
Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича юқори даражадаги Форумида иштирок этмоқда.
Халқаро форум доирасида Ўзбекистон делегацияси Жаҳон банки гуруҳининг сув ресурслари бўйича глобал директори Сародж Кумар Жа билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Жаҳон банки вакили Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида сув соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни эътироф этиб, ўзининг форумдаги нутқида ҳам Ўзбекистон ютуқларини намуна сифатида кўрсатиб ўтганини таъкидлади.
Кумар Жа давлатимиз томонидан сув соҳасига қаратилаётган эътиборни, хусусан, дунёда кўпгина давлатлар Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ 6 — “Тоза сув ва санитария”) учун ўртача 0,05 фоиз бюджет маблағларини йўналтираётган бир даврда, Ўзбекистонда бу кўрсаткич ҳозирда 3,2 фоизни ташкил этаётгани ва йил якунига қадар 4,2 фоизга етказилиши режалаштирилганини юқори баҳолади.
Музокаралар якунида ҳамкорликда соҳавий тизимли тадқиқотларни ўтказиш ҳамда бошқа истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
ЎзА