Ўзбекистоннинг статистика соҳасидаги ислоҳотлари ва натижалари Жаҳон банкида тақдим этилди
Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида маълумотларни шакллантириш, қайта ишлаш жараёнларини модернизация қилиш, статистика соҳасига рақамли технологияларни жорий этиш кўлами кенгайди. Бунда маъмурий маълумотлар тизимлари билан интеграция кучайтирилиб, тадбиркорлик субъектлари учун ҳисобот юки қисқартирилди ҳамда сунъий интеллект асосидаги ечимлардан фойдаланишга эътибор қаратилди.
Жаҳон банки гуруҳининг Вашингтон шаҳридаги штаб-квартирасида Ўзбекистоннинг статистика соҳасидаги ислоҳотлари ва натижаларига бағишланган “Inside Uzbekistan’s Data Systems Transformation: Reforms, Innovation, Impact” мавзусида гибрид форматда тақдимот бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси раиси, БМТ Статистика комиссияси Бюроси раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев иштирок этиб, мамлакатимизда статистика тизимини ислоҳ қилиш, уни замонавий босқичга олиб чиқиш ҳамда маълумотларга асосланган давлат бошқарувини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маъруза қилди.
Институционал ислоҳотларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Статистика агентлигининг Миллий статистика қўмитаси сифатида қайта ташкил этилгани, Статистика кенгаши ва Трансформация офиси фаолияти йўлга қўйилгани, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, рақамли трансформацияни жадаллаштириш ва халқаро стандартларга мувофиқликни кучайтиришга қаратилган ёндашувлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, 2026–2030 йилларга мўлжалланган Статистикани ривожлантириш миллий стратегиясининг устувор йўналишлари, жумладан, статистикани шакллантириш жараёнларини такомиллаштириш, сифатни таъминлаш, маъмурий маълумотлар интеграцияси, очиқ маълумотлар, фойдаланувчилар билан мулоқотни кучайтириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ушбу тақдимот Ўзбекистоннинг статистика соҳасидаги ислоҳотлари, инновацион ёндашувлари ва амалий натижаларини халқаро экспертлар ҳамда ҳамкор ташкилотлар доирасида кенг тақдим этиш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА