Ўзбекистоннинг ОИИБ билан ҳамкорлиги фаоллашган
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) вице-президенти Константин Лимитовский билан учрашди.
Мулоқот чоғида ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, Ўзбекистонда ОИИБ лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, шерикликни янада чуқурлаштириш истиқболи муҳокама қилинди.
Сўнгги икки йилда Ўзбекистоннинг ОИИБ билан молиявий-техник ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашгани қайд этилди. Жумладан, қишлоқ инфратузилмасини, сув таъминоти ва оқова сув тизимини яхшилаш, автомобиль йўлларини қайта таъмирлаш, соғлиқни сақлаш ва энергетикани ривожлантириш соҳаларида умумий қиймати 2,8 миллиард долларга тенг 14 та лойиҳадан иборат инвестиция мажмуаси Марказий Осиё мамлакатларида ОИИБ лойиҳалари бўйича энг юқори кўрсаткичдир.
Ҳаётга жорий этилаётган лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, кўриб чиқиш босқичидаги лойиҳалар юзасидан келишишни жадаллаштириш бўйича навбатдаги тадбирлар режалаштирилди. Томонлар инфратузилмавий ривожланиш соҳасига алоҳида эътибор қаратар экан, бу йўналишда аҳамиятга эга янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун улкан имконият мавжудлигини қайд этдилар.

Музокара кун тартиби доирасида саноат ва ҳудудларни ривожлантириш ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш даражасини оширишга қаратилган лойиҳаларни бажариш учун кредит линиялари ажратиш, шунингдек, Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошираётган хусусий компанияларни молиялаштириш мақсадида Банк ресурсларини жалб қилиш масалалари ўрганилди.
Шунингдек, Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги ва ОИИБ ўртасида қўшма инвестиция лойиҳалари ва дастурлари самарали амалга оширилишини таъминлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш имконияти кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2024 йилда ОИИБ Бошқарувчилар Кенгашининг Йиллик йиғилишини ташкил этиш истиқболи муҳокама қилинди. Ушбу ташаббусни рўёбга чиқариш бўйича навбатдаги тадбирлар белгилаб олинди.
Учрашув якунида муносабатларнинг кўриб чиқилган барча соҳаларида амалий ҳамкорликни ривожлантиришни жадаллаштириш мақсадида биргаликдаги ишларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
ЎзА