Ўзбекистонликларнинг даромадлари бўйича ишончи ортиб бормоқда
Марказий банкнинг истеъмол кайфияти индекси натижалари аҳоли орасида келажакдаги даромадларга нисбатан ижобий кутилмалар сақланиб қолаётганини кўрсатди.
2026 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Ўзбекистон аҳолисининг даромадлари бўйича кутилмалари янада яхшиланди. Марказий банк томонидан эълон қилинган истеъмол кайфияти индекси натижаларига кўра, фуқароларнинг аксарияти келгуси даврда ўз даромадлари ошишига ишонч билдирмоқда.
Ҳисоботда қайд этилишича, даромадлар субиндекси 72,8 бандни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган чоракка нисбатан 0,3 бандга, 2025 йилнинг шу даврига нисбатан эса 1,5 бандга юқори бўлган.
Мутахассислар мазкур ижобий ўзгаришларни аҳоли реал даромадларининг барқарор ўсиши, иш ўринлари кўпайиши ҳамда меҳнат мигрантлари томонидан юборилаётган пул ўтказмалари ҳажмининг ортиши билан изоҳламоқда.
Сўровнома натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 68 фоизи келажакда даромадлари ошишини кутмоқда. Бу кўрсаткич ўтган чоракдаги 67 фоизга нисбатан юқорироқ бўлиб, аҳолининг иқтисодий фаоллик ва молиявий барқарорликка бўлган ишончи мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Шунингдек, респондентларнинг 25 фоизи даромадлари ҳозирги даражада сақланиб қолишини билдирган. Даромадлари қисқаришини кутувчилар улуши эса 7 фоизгача камайган бўлиб, бу сўнгги йиллардаги энг паст кўрсаткичлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Таҳлилларга кўра, даромадлар ўсиши бўйича энг юқори оптимизм ойига 20 миллион сўмдан ортиқ даромад топувчи аҳоли қатлами орасида кузатилган. Ушбу тоифадаги фуқароларнинг 77 фоизи келгусида даромадлари янада ортишини кутаётганини билдирган. Бу кўрсаткич ўтган чоракда 72 фоизни ташкил этган эди.
Қайд этилишича, аҳолининг иқтисодий кутилмаларидаги ижобий динамика ички истеъмол фаоллиги, тадбиркорлик муҳити ва меҳнат бозоридаги барқарорликнинг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Бу эса мамлакат иқтисодиётидаги ўсиш суръатлари келгуси даврда ҳам сақланиб қолиши мумкинлигини англатади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА