Ўзбекистондан Бирлашган Араб Амирликларига чорвачилик маҳсулотларини экспорт қилиш учун йўл очилди
Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида ветеринария ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик доирасида муҳим натижага эришилиб, узоқ муддат давом этган икки томонлама музокаралар, техник маслаҳатлашувлар ҳамда ваколатли органлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик натижасида Ўзбекистон Республикасидан Бирлашган Араб Амирликларига инкубацион туҳум, бир кунлик жўжалар, истеъмол туҳуми, парранда гўшти ва қуён гўшти экспорт қилиш учун ветеринария соғлиқ сертификатлари расман тасдиқланди.
Мазкур келишувга эришиш жараёни бир неча босқичларда амалга оширилди. Томонлар ўртасида давлат ветеринария назорати тизими, эпизоотик барқарорлик, биохавфсизлик чоралари, лаборатория салоҳияти ҳамда экспорт назорати бўйича кенг қамровли маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилди.
Жараённинг муҳим босқичларидан бири сифатида 2025 йил ноябрь ойида Бирлашган Араб Амирликларининг ваколатли мутахассислари Ўзбекистон Республикасига инспекция ташрифи билан келди. Ташриф доирасида мамлакатимиздаги ветеринария назорати тизими, паррандачилик ва чорвачилик корхоналари, ишлаб чиқариш жараёнлари, лаборатория фаолияти ҳамда экспорт сертификатлаштириш механизмлари ўрганилди. Инспекция якунлари Ўзбекистон ветеринария тизимининг халқаро талабларга ҳамда БАА импорт стандартларига мувофиқлигини тасдиқлади.
Ветеринария соғлиқ сертификатларининг расман тасдиқланиши натижасида Ўзбекистоннинг мазкур маҳсулотларини Бирлашган Араб Амирликлари бозорига экспорт қилиш учун ҳуқуқий ва амалий асос яратилди. Бу эса мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги ташқи бозорларни очиш ҳамда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ушбу натижа мамлакатимизда ветеринария соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, халқаро стандартларни жорий этиш, касалликлар мониторинги ва назоратини кучайтириш, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган изчил ишлар самарасидир.
Маълумот учун: экспорт рухсатномалари инспекциядан ижобий ўтган корхоналарга нисбатан қўлланилади.
ЎзА