Ўзбекистонда янги кон очилди
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида вилоят ҳудудида углеводород хомашё захираларини кўпайтириш бўйича берган топшириқлари ижроси доирасида геология-қидирув ишлари ташкил этилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ахборот хизмати маълумотига кўра, қидирувлар натижасида Бухоро вилояти ҳудудида янги ––Раззоқбобо газконденсат кони очилди.
Раззоқбобо майдони Бухоро вилоятининг Қоровулбозор тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, қўмита томонидан “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятига геология-қидирув ишларини олиб бориш учун ажратилган.
Раззоқбобо тузилмаси «Ўзбекгеофизика» АЖ Бухоро геофизик экспедиция филиали томонидан 2020 йилда 2Д сейсмик-қидирув ишлари натижасида аниқланган. Нефт ва газ геологияси ҳамда қидирув институти олимлари билан биргаликда Раззоқбобо тузилмасининг 3 ўлчамли модели тузилган. Тузилманинг майдони 14,5 квадрад километр бўлиб, табиий ресурслари 4 миллион тонна шартли ёқилғи артофидаги ҳажмни ташкил этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА