Ўзбекистонда уй-жой бозори: қайси ҳудудларда савдо кўпроқ ошди?
Ўзбекистон уй-жой бозорида йил бошида кузатилган кескин ўсишдан кейин савдо фаоллиги нисбатан барқарор даражага тушди.
Август ойида мамлакат бўйича қарийб 25,1 мингта уй-жой олди-сотди битими расмийлаштирилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу ойига нисбатан деярли ўзгармаган — ўсиш 0,2 фоизни ташкил этди.
Шу билан бирга, йил бошидан буён уй-жой бозорида ўсиш суръатлари юқори бўлиб қолмоқда. Январь–август ойларида Ўзбекистонда жами 222,5 мингта уй-жой олди-сотди битими амалга оширилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,4 фоиз кўп.
Маълумотларга кўра, март ойида уй-жой савдоси сезиларли даражада ошиб, битимлар сони 43,5 мингтага етган. Бироқ, апрель–май ойларида бозорда фаоллик пасайган. Июнь–июль ойларида эса кўрсаткич ойига 25–26 мингта битим даражасида тикланган ва август ойида ҳам шу даража сақланиб қолган.
Август ойида мамлакатнинг 14 та ҳудудидан 6 тасида уй-жой савдоси ҳажми ошган. Пойтахтда ҳам уй-жой бозорида ўсиш қайд этилди. Тошкент шаҳрида август ойида 7,4 мингта уй-жой олди-сотди шартномаси расмийлаштирилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 фоиз кўп.
Йил бошидан буён Тошкент шаҳрида уй-жой савдоси ҳажми 27,5 фоизга ошган. Уй-жой савдосининг энг юқори ўсиш суръатлари пойтахтдан ташқари Сирдарё ва Андижон вилоятларида ҳам қайд этилган. Хусусан, январь–август ойларида Сирдарё вилоятида уй-жой савдоси 25,4 фоизга, Андижон вилоятида эса 23,8 фоизга ўсган.
Шу тариқа, йил бошидаги кескин ўсишдан кейин бозорда ойлик савдо ҳажми нисбатан барқарорлашган бўлса-да, йиллик ҳисобда уй-жой олди-сотди битимлари сони юқори ўсиш суръатини сақлаб қолмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА