Ўзбекистонда перинатал тиббиёт: замонавий ёндашувлар ва халқаро тажриба
Нукусда Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ташкил қилинган “Ўзбекистонда перинатал тиббиёт: бугун ва эртага” мавзусидаги II халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Унда маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда Россия Федерацияси, Корея Республикаси, Швейцария, Португалия, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатлардан 10 дан ортиқ халқаро экспертлар иштирок этди.
Анжуман акушерлик, гинекология, перинатал тиббиёт ва неонтология соҳаларидаги замонавий ёндашув ва ютуқларни муҳокама қилиш, илмий ва амалий тажриба алмашиш ҳамда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланди.
Тадбирда илмий тадқиқотлар натижалари, клиник кузатувлар ва инновацион технологияларни амалиётга жорий этиш, аёллар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий усулларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, миллий ва халқаро тажрибани ўрганиш, мутахассислар ўртасида профессионал ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда узлуксиз тиббий таълимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, замонавий перинатал тиббиёт янги демографик, эпидемиологик ва ташкилий чақириқлар шароитида ривожланмоқда. Ҳомиладорлик ва туғруқ билан боғлиқ асоратларни ташхислаш, даволаш ва профилактикасида сезиларли натижаларга эришилаётганига қарамай, оналар ва перинатал касалланиш, оғир клиник ҳолатлар ҳамда олдини олиш мумкин бўлган йўқотишлар муаммоси долзарблигича қолмоқда.
Шу нуқтаи назардан, оналар ўлими, оғир акушерлик асоратлари ёки перинатал йўқотишларнинг ҳар бир ҳолатини чуқур таҳлил қилиш, тиббий ёрдам кўрсатишдаги ёндашувларни такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади. Анжуманда бу борада турли йўналишдаги мутахассисларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишига кенг имконият яратилди.
Муҳокамаларда акушерликдаги оғир ҳолатларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, пренатал скринингни такомиллаштириш, критик ҳолатлар хавфини камайтириш, репродуктив технологияларни ривожлантириш ҳамда далилларга асосланган тиббиёт ютуқларини клиник амалиётга татбиқ этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Хусусан, ҳомиладорлик ва туғруқнинг оғир асоратларига олиб келувчи акушерлик қон кетиши, преэклампсия, сепсис, тромбоэмболик касалликлар ва бошқа хавфли ҳолатларни эрта аниқлаш, беморларни ўз вақтида ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга йўналтириш ҳамда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича замонавий ёндашувлар кўриб чиқилди.
Перинатал йўқотишларни камайтириш, айниқса, эрта туғилган чақалоқлар саломатлигини асраш масалалари ҳам анжуманнинг муҳим йўналишларидан бўлди. Бу борада профилактика чораларини кучайтириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш ва илғор клиник амалиётларни жорий этиш юзасидан фикр алмашилди.
Анжуман доирасида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон Республикаси филиалида “Бачадон бўйни саратони миллий скринингини ташкил этиш ва ўтказишнинг долзарб масалалари. Жанубий Корея ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида илмий-амалий семинар ҳам ўтказилди.
Унда бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш ва профилактика қилиш, аҳоли ўртасида миллий скрининг тадбирларини самарали ташкил этиш, замонавий диагностика усулларидан фойдаланиш ҳамда халқаро тажрибани амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Семинарда Ўзбекистон ва Жанубий Корея мутахассислари ўзаро тажриба алмашиб, соҳадаги амалий ёндашувлар юзасидан фикр юритди. Шунингдек, тиббий ҳамкорликни кенгайтириш, касалликларни эрта аниқлаш ва профилактика самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Икки кунлик анжуман доирасида маҳаллий мутахассислар учун маҳорат дарслари, экспертлар сессиялари ва ўқув модуллари ташкил этилди.
[gallery-31507]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари