Ўзбекистонда олтин қуймаларга талаб кескин ошди
Сўнгги йилларда жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган геосиёсий кескинликлар, глобал иқтисодий ноаниқликлар ва молия бозорларидаги юқори тебранувчанлик шароитида инвесторлар ҳамда аҳоли томонидан хавфсиз активларга бўлган талаб ортиб бормоқда. Бундай шароитда олтин анъанавий равишда ишончли актив сифатида қаралиб, молиявий активларни диверсификация қилиш ва инфляциядан ҳимоя воситаларидан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Халқаро амалиётда олтинга инвестиция киритишнинг турли шакллари мавжуд. Жумладан, ўлчовли олтин қуймалар ва тангалар, металл ҳисобварақлар ҳамда олтин билан таъминланган биржавий инструментлар орқали сармоя киритиш кенг тарқалган. Хусусан, Германия, Швейцария, Австрия, Туркия, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатларда аҳоли томонидан ўлчовли олтин қуймаларни харид қилиш ва жамғариш амалиёти кенг қўлланилмоқда.

Жаҳон олтин кенгаши маълумотларига кўра, 2024 йилда жаҳонда ўлчовли қуймалар ва тангаларга бўлган талаб 862,8 тоннани ташкил этиб, аввалги йилга нисбатан 10 фоизга ошган. 2025 йилда эса ушбу кўрсаткич 1 068 тоннага етган ва 24 фоизлик ўсиш қайд этилган.
Мазкур глобал тенденциялар фонида мамлакатимизда ҳам аҳолининг инвестиция ва жамғариш имкониятларини кенгайтириш мақсадида 2020 йилдан бошлаб ўлчовли олтин қуймаларни банклар орқали сотиш ва қайта сотиб олиш амалиёти йўлга қўйилди.
Марказий банк 2025 йил якунлари бўйича ўлчовли олтин қуймалар бозори таҳлилини эълон қилди.
Таҳлиллар аҳоли орасида айниқса, 5 ва 10 граммли қуймаларга талаб юқори эканини кўрсатди. Улар жами сотувларнинг 60 фоиздан ортиғини ташкил этди. Бу эса нисбатан ихчам ҳажмдаги қуймалар аҳоли учун қулай ва мақбул жамғариш воситасига айланаётганини англатади. Шунингдек, 2025 йилдан бошлаб 100 граммли олтин қуймалар ҳам муомалага чиқарилди. Бундан ташқари, 2020-2025 йиллар давомида банклар томонидан аҳолидан умумий оғирлиги 201 кг. бўлган 11 828 дона ўлчовли олтин қуйма қайта сотиб олинган.
Ўлчовли олтин қуймалари махсус ҳимоя қопламаларида тақдим этилади. Улар QR-код, криптопринт ва серия рақами каби замонавий ҳимоя элементлари билан жиҳозланган. Бу эса қуйманинг ҳақиқийлигини текшириш, идентификациясини таъминлаш ва операциялар шаффофлигини оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июндаги 412-сонли қарорига мувофиқ, 2020 йил ноябрь ойидан бошлаб Марказий банк томонидан 5, 10, 20 ва 50 граммлик, 2025 йилдан эса 100 граммлик олтин қуймалар муомалага чиқарилди.
Ушбу қуймалар махсус ҳимоя қопламасига эга бўлиб, Италиянинг “CERTLINE SRL” компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган. Қуймаларда криптопринт, QR-код ва серия рақами каби ҳимоя элементлари мавжуд. Бу эса уларнинг ҳақиқийлигини текшириш имконини беради.
Қадоғи бузилмаган ҳолда қуймалар банкка топширилганда, мижоз билан ҳисоб-китоб шу куннинг ўзида амалга оширилади. Агар қуйма қадоғида нуқсон бўлса, у Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасига экспертиза учун юборилади.
2020 йилнинг ноябридан 2025 йил декабргача банклар орқали аҳолига умумий оғирлиги 1,2 тонна бўлган 65 150 дона олтин қуймалар сотилган. Шунингдек, ушбу даврда 201 кг. оғирликдаги 11 828 дона қуйма аҳолидан қайта сотиб олинган.Сотилган қуймаларнинг 60 фоиздан ортиғини 5 ва 10 граммлик қуймалар ташкил этган. Бу аҳолининг нисбатан кичик ҳажмдаги инвестиция инструментларига қизиқиши юқори эканини кўрсатади.
Айниқса, 2024-2025 йилларда талаб сезиларли даражада ошди. 2024 йилда талаб 236 кг.ни ташкил этган бўлса, 2025 йилда ушбу кўрсаткич 661 кг.га етди. Биргина 2025 йилда сотилган олтин қуймалар ҳажми 2020-2024 йиллардаги жами сотувдан ҳам 18,4 фоизга кўп бўлган. 2023-2025 йилларда жаҳон бозорида олтин нархининг кескин ошиши натижасида ўлчовли олтин қуймаларининг даромадлилиги банк депозитларига нисбатан юқорироқ шаклланди.
2020-2025 йилларда олтин қуймалар даромадлилиги, 2020 йил -10,2 фоиз, 2021 йил -4,1 фоиз, 2022 йил 5,1 фоиз, 2023 йил 25,2 фоиз, 2024 йил 31,6 фоиз, 2025 йил 54,5 фоизни ташкил этган.
Шу билан бирга, олтин фоизли даромад келтирмайдиган ва нархи ўзгарувчан актив ҳисобланади. Банк депозитлари эса нисбатан барқарор даромад келтиради. 2025 йилдан бошлаб янги механизм жорий этилди. Энди аҳоли, мобил иловалар орқали олтин сотиб олиши, электрон металл ҳисобварағи очиши, 0,1 граммдан бошлаб олтин харид қилиши мумкин. 2025 йилда электрон металл ҳисобварағи орқали 169,74 кг. олтин, 311,7 млрд. сўмлик депозит шакллантирилди.
Ҳозирда Ўзмиллийбанк, Ўзсаноатқурилишбанк орқали электрон олтин харид қилиш имконияти мавжуд. Ўлчовли олтин қуймалар аҳоли учун жамғариш воситаси, инфляциядан ҳимоя, инвестиция имконияти, сифатида тобора оммалашиб бормоқда. Бироқ мутахассислар олтин нархи жаҳон бозорига боғлиқ ҳолда ўзгаришини ҳисобга олиб, инвестиция қарорларини эҳтиёткорлик билан қабул қилишни тавсия этади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА