Ўзбекистонда МАГАТЭнинг INIR иккинчи босқич кузатув миссияси бошланди
Бугун “Ўзатом” агентлигида Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ)нинг миллий ядровий инфратузилмани комплекс баҳолаш (INIR) бўйича иккинчи босқич кузатув миссияси ўз ишини бошлади.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев, МАГАТЭ халқаро экспертлар гуруҳи раҳбари Жон Ҳаддад ва бошқалар сўзга чиқиб, Ўзбекистонда атом энергиясини ривожлантириш мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли фаровонлиги учун муҳим имкониятлар яратиши, бу жараёнда халқаро ҳамкорлик муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Қайд этилганидек, мазкур миссия Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғини бажариш мақсадида халқаро стандартлар ва МАГАТЭ талаблари асосида ўтказилмоқда. Унинг асосий мақсади миллий ядровий инфратузилманинг тайёргарлик даражасини баҳолаш, 2021 йилги миссия давомида берилган тавсиялар ижросини кўриб чиқиш ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги бошқарув ва тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Миссия таркибида МАГАТЭга аъзо давлатлар, хусусан, Иордания, Бразилия, Доминикан Республикаси ва Туркиядан халқаро эксперт иштирок этмоқда. Улар Осиё ва Европа мамлакатларида, жумладан, Вьетнам, Филиппин, Польша, Эстония ва Қозоғистонда шундай миссияларни ўтказиш бўйича катта тажрибага эга.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, INIR – МАГАТЭга аъзо давлатларга ядро энергетикасини жорий этиш жараёнида зарур бўлган миллий инфратузилманинг ҳолатини баҳолашда ёрдам берувчи комплекс механизм ҳисобланади. У хавфсиз, ишончли ва барқарор ядро энергетикаси дастурини шакллантириш учун зарур бўлган асосий йўналишларни қамраб олади.
Ўзбекистоннинг Халқаро атом энергияси агентлиги билан ҳамкорлиги кўп йиллик тажрибага эга. Мазкур миссияда ядро энергетикаси дастурини амалга оширувчи миллий идора сифатида “Ўзатом” агентлиги, шунингдек, мустақил тартибга солувчи орган сифатида Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси вакиллари иштирок этмоқда. Учрашувлар давомида 2021 йилги миссиядан кейин амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар муҳокама қилинди.

– Президентимизнинг топшириғига асосан Ўзбекистон Республикасида биринчи марта интеграциялашган атом электр станцияси қурилиши амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида қурилишга тайёргарлик даражаси ва миллий ядровий инфратузилманинг ҳолатини баҳолаш мақсадида ҳозирда Халқаро атом энергияси агентлигининг INIR миссияси ўтказилмоқда. INIR миссиясининг иккинчи босқичи 2021 йилда қурилишга тайёргарлик жараёни доирасида ўтказилган эди. Ўша вақтда МАГАТЭ экспертлари томонидан берилган тавсиялар асосида мамлакатимизда қатор ишлар амалга оширилди. Ҳозирги миссия давомида эса мазкур ишлар натижалари ва кейинги босқичларга тайёргарлик ҳолати баҳоланмоқда.
Ушбу жараён миллий ядровий инфратузилманинг халқаро талабларга мувофиқлигини аниқлаш, мавжуд имкониятларни баҳолаш ва келгуси вазифаларни белгилашда муҳим аҳамиятга эга, – деди “Ўзатом” агентлиги бош мутахассиси Ҳабибулло Абдулмаликов.

Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида “Миллий позиция”, “Ядро хавфсизлиги” ва “Бошқарув” каби асосий йўналишлар бўйича амалий муҳокамалар бўлиб ўтди. Ўзбекистон томони 2035 йилгача мўлжалланган энергетика сиёсати, ядро хавфсизлиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ва техник базани такомиллаштириш режалари, тартибга солувчи орган фаолияти ҳамда мамлакат ядро-энергетика дастурига жалб этилган ташкилотларнинг бошқарув тизими ҳақида маълумот тақдим этди.
– Биз иккинчи фазани якунлаб, учинчи босқичга ўтамиз. Одатда, МАГАТЭ экспертлари ядровий инфратузилмани ривожлантириш, қонунчилик базасини такомиллаштириш, инсон ресурсларини шакллантириш ҳамда ядро дастурини амалга ошириш учун зарур бўлган барча йўналишларга алоҳида эътибор қаратади. Кейинги миссия станцияни ишга тушириш босқичига яқинроқ вақтда ўтказилади. Унда экспертлар қайси йўналишларни янада ривожлантириш зарурлиги, қайси элементлар қўшимча ишларни талаб қилиши, келажакдаги станцияни эксплуатация қилиш, ходимлар салоҳиятини ошириш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича ўз тавсияларини беради.

Умуман олганда, бу ядро дастурини амалга оширишда устувор вазифаларни белгилаб берувчи муҳим ва фойдали миссия ҳисобланади. Ҳозирда халқаро экспертлар Ўзбекистон томони тайёрлаган ҳисобот билан танишмоқда. Унда амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар акс эттирилган. Экспертлар ядро хавфсизлиги, соҳани 2040 йилгача ривожлантириш режалари, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, атом электр станциясини хавфсиз эксплуатация қилиш, шунингдек, энергетика тизими ва атроф-муҳит хавфсизлиги билан боғлиқ масалаларни ўрганмоқда, – деди Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси бошқармаси бошлиғи Александра Хидирназарова.
Эслатиб ўтамиз, миссия ўз ишини 26 июнга қадар давом эттиради. Унинг якунлари бўйича МАГАТЭ томонидан Ўзбекистон Республикасининг миллий ядровий инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича тавсияларни ўз ичига олган якуний ҳисобот тайёрланади.
Насиба Зиёдулаева, ЎзА