Ўзбекистонда бирламчи уй-жой бозорида нархлар 4,4 фоиз, иккиламчи бозорда эса 5,9 фоизга тушди
Ўзбекистонда 2025 йил якунлари бўйича уй-жой бозорида муҳим ўзгаришлар кузатилди. Марказий банк томонидан эълон қилинган таҳлилларга кўра, бозордаги таклифнинг ошиши ва ипотека кредитлаш ҳажмининг кенгайиши натижасида уй-жой нархлари барқарорлашиш босқичига ўтди.
Аввало, қурилиш ҳажмининг сезиларли ўсиши эътиборни тортади. 2025 йил давомида республика бўйича 135 мингта хонадон қуриб битказилган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 35 мингтага кўп. Янги уй-жойлар таклифининг ошиши эса бозорда нархлар пасайишига хизмат қилди: бирламчи бозорда уй-жой нархлари индекси 4,4 фоиз, иккиламчи бозорда эса 5,9 фоизга тушди.
Ипотека кредитлаш бозордаги асосий ҳаракатлантирувчи омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳисобот йилида тижорат банклари томонидан 21,2 триллион сўм ипотека кредити ажратилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 24 фоизга кўп. Ушбу кредитларнинг 72 фоизи янги қурилган уй-жойларни сотиб олишга йўналтирилгани бирламчи бозор фаоллигини янада оширган.
Шу билан бирга, ипотека портфели ҳажми 79,4 триллион сўмга етди. Бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 8,2 баробарга ошгани бозорда кредитлаш механизмлари тобора кенгайиб бораётганидан далолат беради. Эътиборли жиҳатлардан бири, қарз олувчиларнинг катта қисми (22 фоизга ўсиш билан) 50 фоиздан юқори дастлабки бадал билан иштирок этаётганидир. Бу эса аҳолининг молиявий имкониятлари ва тўлов қобилияти ошганини кўрсатади.
Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари ва аҳоли даромадлари ўртасидаги нисбат ҳам яхшиланди. 2025 йилда пойтахтда бир квадрат метр уй-жойнинг ўртача нархи 14,9 миллион сўмни, ўртача ойлик иш ҳақи эса 10,7 миллион сўмни ташкил этди. Натижада, ўртача иш ҳақи бир квадрат метр уй-жой қийматининг 72 фоизини қоплай оладиган даражага етди. Бу кўрсаткич 2024 йилда 58 фоиз бўлганини ҳисобга олсак, аҳолининг уй-жой сотиб олиш имкониятлари сезиларли даражада яхшилангани аён бўлади.
Бозордаги фаолликни уй-жой олди-сотди шартномалари сони ҳам тасдиқлайди. 2025 йилда бундай битимлар 295,4 мингтани ташкил этиб, 15,2 фоизга ўсди. Уларнинг қарийб чорак қисми ипотека кредитлари орқали амалга оширилган.
Ҳудудлар кесимида ипотека кредитларининг энг юқори улуши Тошкент шаҳри (32 фоиз), Андижон ва Фарғона вилоятларига (ҳар бири 7 фоиздан) тўғри келмоқда. Энг паст кўрсаткичлар эса Сирдарё (2 фоиз) ва Жиззах (3 фоиз) вилоятларида қайд этилган.
Қурилиш соҳасини молиялаштириш ҳам изчил давом этмоқда. Йил давомида пудрат ташкилотларига 4,4 триллион сўм кредит ажратилган бўлиб, унинг 40 фоизи махсус массивларда 16,7 минг хонадонли 304 та уй-жой қурилишига йўналтирилган. Бу жараёнда асосий улуш “Ўзсаноатқурилишбанк” (19,9 фоиз), “Миллий банк” (17,6 фоиз) ва “Агробанк” (16 фоиз) ҳиссасига тўғри келди.
Бозорда таклифнинг ортиши, ипотека имкониятларининг кенгайиши ва аҳоли даромадларининг ўсиши уй-жой бозорида мувозанат шаклланишига хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, 2040 йилга қадар ҳар йили қуриладиган уй-жойлар сонини 421 мингтага етказиш ва ипотека портфелини 56,7 миллиард долларга ошириш бўйича белгиланган вазифалар соҳадаги ислоҳотлар янада чуқурлашишини кўрсатади.
Умуман олганда, 2025 йил натижалари уй-жой бозорида барқарорлашув ва аҳоли учун имкониятлар кенгаяётганини намоён этмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА