Ўзбекистонда 5400 дан ортиқ археологик ёдгорликни қамраб олган рақамли платформа ишга туширилди
Мамлакатимизнинг бой тарихий ва маданий меросини сақлаш ҳамда илмий жиҳатдан ўрганишда рақамли технологияларни жорий этишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Ана шундай муҳим ташаббуслардан бири сифатида мамлакатдаги археологик ёдгорликлар ҳақидаги маълумотларни ягона тизимга жамловчи махсус электрон платформа тест режимида ишга туширилди.
Маданий мерос агентлиги ҳамда Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти томонидан Инновацион ривожланиш агентлигининг “Республикадаги мавжуд археологик ёдгорликлар ахборот платформасини яратиш” номли амалий лойиҳаси доирасида Ўзбекистон археологик ёдгорликларининг uzarchaeology.uz ягона рақамли платформаси тест режимида фойдаланишга топширилди.
Мазкур платформа мамлакатимиз ҳудудида жойлашган археологик ёдгорликлар ҳақидаги маълумотларни ягона электрон базада жамлаш ва уларни тизимли равишда бошқаришга хизмат қилади. Ҳозирги кунга қадар платформага 5400 дан ортиқ археологик ёдгорлик бўйича маълумотлар киритилган бўлиб, ушбу рақамли ресурс босқичма-босқич бойитилиб ва такомиллаштириб борилмоқда.
Платформадаги маълумотлар республикадаги илмий-тадқиқот муассасалари, Маданий мерос агентлигининг ҳудудий бошқармалари ҳамда олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган мутахассислар томонидан архив ҳужжатлари, илмий манбалар ва дала тадқиқотлари натижалари асосида шакллантирилган.
Ягона рақамли платформа доимий равишда янгиланиб бориладиган ахборот тизими ҳисобланади. Унга янги аниқланган археологик ёдгорликлар, аниқлаштирилган координаталар ҳамда илмий тадқиқотлар натижасида олинган қўшимча маълумотлар мунтазам киритиб борилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА