Ўзбекистонда 41 та профессионал театр фаолият юритмоқда: томошабинлар сони 4,4 миллионга етди
Театр нафақат санъат маскани, балки жамиятнинг маънавий қиёфасини шакллантирувчи муҳим маданий институт ҳисобланади.
Кейинги йилларда мамлакатда театрлар фаолиятини модернизация қилиш, репертуарларни бойитиш ва томошабинлар қамровини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Статистик маълумотлар эса ушбу соҳага бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда 41 та профессионал театр фаолият юритган.
Ўтган 2025 йил давомида мазкур театрларда 11 906 та спектакль саҳналаштирилган. Бу кўрсаткич театр ижодий жамоалари йил давомида деярли ҳар куни ўнлаб спектаклларни томошабинларга тақдим этганини англатади.
Энг эътиборли жиҳатлардан бири — томошабинлар фаоллиги. Бир йил ичида театрларга қарийб 4,4 миллион нафар томошабин ташриф буюрган. Бу эса аҳоли орасида театр санъатига қизиқиш ортиб бораётгани, маданий дам олишга бўлган эҳтиёж мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Мутахассислар фикрича, театрлар фаолиятини янада ривожлантириш учун замонавий саҳна технологияларини жорий этиш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, рақамли тарғиботни кучайтириш ҳамда ҳудудлардаги аҳоли учун театр хизматлари қамровини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Бу йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар миллий театр санъатининг рақобатбардошлигини ошириш ва янги томошабинлар авлодини шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА