Ўзбекистон-Япония: инвестиция ва “яшил иқтисодиёт”
Бухоро вилояти халқаро иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўлида навбатдаги муҳим учрашувга мезбонлик қилди. Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) бошқарувчиси Нобумитсу Хаяси бошчилигидаги делегациянинг Бухорога ташрифи доирасида ўтказилган мулоқотларда иқтисодий тараққиёт, “яшил иқтисодиёт”, замонавий технологиялар ва инвестициявий ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан самимий ва дўстона руҳда кечган учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, ҳудудларда инвестиция муҳитини яхшилаш, инфратузилма тармоқларини модернизация қилиш ҳамда инновацион соҳаларни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Айниқса, яшил иқтисодиётни ривожлантириш, қуёш энергетикаси, ахборот технологиялари, сунъий интеллект ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш каби устувор йўналишларда Япония билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокаманинг асосий мавзуларидан бири бўлди.
Суҳбат чоғида томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мавжуд имкониятларни кўриб чиқиб, яқин келажакда ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди. Қайд этилганидек, Япониянинг илғор технологиялари ва юқори тажрибасини жалб этган ҳолда иқтисодий аҳамиятга эга йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш нафақат ҳудуд иқтисодиёти, балки аҳоли фаровонлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Музокараларда “яшил технологиялар” соҳасида инвестициявий шерикликни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Япония ҳукумати томонидан 2050 йилга қадар углероддан энергия манбаи сифатида фойдаланишдан тўлиқ воз кечиш вазифаси белгилангани бу йўналишнинг глобал миқёсда нақадар долзарб эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Шунингдек, ҳозирги вақтда амалга ошириш босқичида бўлган қуёш энергетикаси, ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини модернизация қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларнинг амалий жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди.

Учрашувда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуд иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиш борасида ҳам фикр алмашилди.
Мазкур ташриф Бухоро вилоятининг халқаро инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва “яшил иқтисодиёт” тамойилларига асосланган барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида муҳим қадам сифатида эътироф этилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.