Ўзбекистон вакили «Евроосиё» халқаро мукофотида биринчи ўринни эгаллади
Москва шаҳрида «Евроосиё» халқаро мукофоти – «Международная премия «Евразия» 2026» танловининг якуний натижалари эълон қилинди. Унда Ўзбекистон Давлат ёшлар театри директори Фарҳод Жўраев «Маданий код» номинацияси бўйича биринчи ўринни қўлга киритди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, Фарҳод Жўраев танловда «Ўзбекистон талабалар театрлари лигаси» лойиҳаси билан иштирок этди. Мазкур ташаббус талаба-ёшларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш, миллий маданий қадриятларни асраш ва тарғиб қилиш, шунингдек, халқлар ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
«Ўзбекистон талабалар театрлари лигаси» лойиҳаси ёшларни театр санъати атрофида бирлаштириш ва уларнинг ижодий имкониятларини кенг намоён этишга хизмат қилади. Лойиҳа талабаларнинг саҳна маданияти, актёрлик маҳорати ва бадиий тафаккурини ривожлантириш учун муҳим имконият яратади. Унда ёшларнинг ўз иқтидори ва истеъдодини намоён этишига алоҳида эътибор қаратилади. Театр орқали миллий тарих, урф-одат ва анъаналарни ёш авлодга етказиш лойиҳанинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, ташаббус талабаларда жамоа билан ишлаш, ўзаро ҳамкорлик ва ижодий масъулият каби фазилатларни шакллантиришга кўмаклашади.
Лойиҳа ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни санъатга ошно қилиш ва маданий ҳаётдаги фаоллигини оширишга ҳам хизмат қилади. Талабалар театрлари ўртасидаги ижодий мулоқот тажриба алмашиш ва янги ғояларни рўёбга чиқариш учун замин яратади. Саҳна асарлари орқали инсонпарварлик, бағрикенглик, ватанпарварлик ва дўстлик каби умуминсоний қадриятларни тарғиб қилиш имконияти кенгаяди. Бундай ташаббуслар миллий театр санъатининг анъаналарини сақлаш билан бирга, уни замонавий ёндашувлар асосида ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшади. Энг муҳими, лойиҳа ўзбек ёшларининг ижодий салоҳиятини халқаро майдонда намоён этиш ва мамлакатимизнинг бой маданий меросини кенг тарғиб қилиш учун янги имкониятлар очади.
«Маданий код» номинациясида иккинчи ўрин Хитой вакили Игорь Демченковнинг «Пекиндаги Рус филармонияси» мусиқий-маърифий лойиҳасига, учинчи ўрин эса Бразилия вакили Висенте Барриентоснинг «БРИКС давлатларининг муҳташам бали» ижтимоий-маданий лойиҳасига берилди.
Танловга 5 мингдан ортиқ ариза келиб тушгани унинг халқаро миқёсдаги кенг қамровини кўрсатади. Ўзбекистон вакилининг мазкур танловда ғолиб бўлиши мамлакатимизда ёшлар ижоди ва театр санъатини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларнинг халқаро миқёсда эътироф этилиши йўлидаги муҳим натижадир.
Н.Усмонова, ЎзА