Ўзбекистон ва Япония тиббиёт соҳасида 250 миллион долларлик янги лойиҳаларни амалга оширади
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов Япониянинг дунёга машҳур “Sojitz Corporation” компанияси президенти ва бош директори Косуке Уемура бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Мулоқот чоғида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш ва соҳага хорижий инвестицияларни жалб этишга қаратилган истиқболли режалар атрофлича муҳокама қилинди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилганидек, “Sojitz Corporation” глобал миқёсда йирик инфратузилмавий ва давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаларини муваффақиятли ҳаётга татбиқ этиб келмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда мазкур компания иштирокида турли тармоқларда умумий қиймати 5,87 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 12 та йирик инвестиция лойиҳаси изчил рўёбга чиқарилмоқда. Бу кўрсаткич соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Учрашувда меҳмонларга Самарқанд шаҳрида 800 ўринга мўлжалланган замонавий, кўп тармоқли шифохона қуриш лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берилди. Умумий қиймати 250 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу шифохона бўйича ҳозирда жадал тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда ва унинг “master reja”си (бош режаси) ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, музокараларда мамлакатимизнинг 4 та ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида қурилиши режалаштирилаётган ядро тиббиёт марказлари фаолиятини йўлга қўйиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Айни пайтда Ўзбекистонда Ядро тиббиётини ривожлантириш миллий стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа тайёр бўлгач, уни халқаро тажриба асосида янада такомиллаштириш учун “Sojitz Corporation” компаниясига тақдим этилиши келишиб олинди.
Бундан ташқари, ҳамкорлик доирасида тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масаласига алоҳида урғу берилди. Вазир Э.Адилов юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида дунёнинг энг нуфузли олий ўқув юртлари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилганини ва ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш бўйича япониялик шериклар билан доимий ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ушбу қўшма лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатлар ҳамда стратегик шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлашига ишонч билдирди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА