French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Туркия ўзаро савдо ҳажмини 3 миллиард долларга етказди

Куни кеча пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов раислигида Туркия Республикасининг 20 дан ортиқ бизнес тузилмалари вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Учрашувнинг асосий мақсади турк сармоядорларининг мамлакатимиздаги фаолияти жараёнида юзага келаётган масалаларни муҳокама қилиш ҳамда мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиш бўйича амалий ечимлар ишлаб чиқиш эди.

Тадбирда “Anadolu”, “Albayrak”, “Ziraat Bank”, “Cengiz”, “Çalık”, “Aksa”, “Eczacıbaşı Esan”, “OSTIM”, “Nobel” каби йирик компаниялар раҳбарлари ва масъуллари иштирок этди. Қайд этилишича, давлат ва бизнес ўртасидаги бундай очиқ мулоқот формати дунёнинг фақат айрим мамлакатларидагина бор.

Мулоқот давомида хорижий компанияларининг амалий фаолияти билан боғлиқ қатор масалалар, жумладан маҳсулот белгиси, дебитор қарздорлик, инфратузилма таъминоти, меҳнат муносабатини тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди ва зарур чоралар белгиланди.
Турк тадбиркорлари банк-молия соҳаси, қурилиш, энергетика, кадрлар тайёрлаш, фармацевтика ҳамда саноат ҳудудларини ривожлантириш юзасидан таклифларини билдирди.

Йиғилиш якунида кўтарилган масалаларни тезкор ҳал этиш бўйича масъул шахслар белгиланди ҳамда масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Охирги беш йил давомида ўзаро савдо ҳажми 2020 йилдаги 2,5 миллиард доллардан 3 миллиард долларга кўтарилди. Қўшма корхоналар сони 3,5 баробар кўпайиб, 2020 йилдаги 613 тадан 2 149 тага етди. Туркия инвестициясини ўзлаштириш ҳажми 4,5 марта ошиб, 2025 йил якунида 3,1 миллиард долларни ташкил этди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳаво қатнови ҳафтасига 100 та рейсга яқинлашган.

Бугунги кунда энергетика, геология, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш каби муҳим соҳаларда турк сармояси иштирокида умумий қиймати қарийб 10 миллиард долларга тенг қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Гўзал Сатторова, ЎзА