Ўзбекистон ва Туркия: конституциявий одил судлов соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов Туркия Республикаси Конституциявий суди президенти Қодир Ўзкая билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия – бу нафақат стратегик ҳамкор давлатлар, шу билан бирга, асрлар давомида синовдан ўтган муштарак тарих, маданият ва, энг муҳими, қардошлик ришталари билан боғланган халқлар экани қайд этилди. Бугун бу биродарлик ҳар жиҳатдан янги мазмун ва янги руҳ билан бойиб бормоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари мутлақо янги – стратегик шериклик ва олий даражадаги ишонч босқичига кўтарилди. Бу саъй-ҳаракатлар нафақат иқтисодий ва сиёсий соҳаларда, балки ҳуқуқий давлатчилик ва конституциявий тараққиёт йўлида ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда.
[gallery-29188]
Учрашувда конституциявий одил судлов соҳасидаги ҳамкорликнинг изчил ривожланиб бораётгани, судьялар ва мутахассислар ўртасида самарали мулоқот ва тажриба алмашиш йўлга қўйилгани, бу, ўз навбатида, қўшма ташаббуслар ва амалий лойиҳалар учун мустаҳкам пойдевор яратиши алоҳида қайд этилди.
Туркия Республикаси Конституциявий суди президенти Кадир Ўзкая бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи 8 майга қадар давом этади ва ҳамкорликда қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзаро англашув меморандумини имзолаш ҳамда “Туркия ва Ўзбекистон Республикалари Конституциявий судлари: замонавий конституциявий одил судлов амалиёти, тизимли ривожланиш ва халқаро ҳамкорлик” мавзусида халқаро давра суҳбатини ўтказиш назарда тутилган.
Н.Абдураимова,
Ф.Абдурасулов (сурат),
ЎзА