Ўзбекистон ва Сенегал ҳамкорлигининг янги саҳифаси очилмоқда
Ўзбекистон ва Сенегал ўртасида дипломатик муносабатлар 1995 йил 6 октябрда ўрнатилган бўлиб, ушбу мамлакат юртимиз билан расмий алоқа йўлга қўйган 92-давлатдир.
Орадан 31 йил ўтди. Бу муддат амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш ва истиқболдаги вазифаларни белгилаб олиш учун етарлидир.
Бугунги кунда икки давлат ўртасида кўп томонлама ва икки томонлама алоқалар йўлга қўйилган. Тошкент ва Дакар БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Қўшилмаслик ҳаракати аъзолари саналади. Ушбу халқаро платформалар кўп томонлама дипломатияни қўллаб-қувватлаш, барқарор ривожланиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва халқаро институтларни ислоҳ қилиш каби масалаларда позицияларни мувофиқлаштириш майдони бўлиб хизмат қилмоқда.
Ташқи ишлар идоралари ўртасидаги мунтазам маслаҳатлашувлар, вазирлар ва парламент аъзоларининг ўзаро ташрифлари, БМТдаги позициялар мувофиқлиги ҳамда халқаро ташкилотларда бир-бирининг номзодини қўллаб-қувватлашдан иборат сиёсий мулоқот барча соҳалардаги ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори бўлиши лозим. Катта ресурс талаб қилмайдиган, аммо қолган барча жараёнларни ҳаракатга келтирадиган илк қадам — бу ҳамкорлик битимини имзолаш ва маслаҳатлашувларнинг амалий механизмини яратишдир. Сиёсий мулоқот муносабатлар пойдевори бўлса, иқтисодиёт уларни амалий мазмун билан бойитади. Бу борада ҳам Ўзбекистон, ҳам Сенегал олдида кенг имкониятлар очилмоқда, чунки иккала мамлакат ҳам иқтисодиётни диверсификация қилиш, сармоя жалб этиш ва янги бозорларни ўзлаштиришга интилмоқда. Ўзаро савдо сезиларли ўсиш салоҳиятига эга бўлиб, Тошкент ва Дакар тадбиркорларининг бир-бирига бўлган қизиқиши ортиб бормоқда. Рақамли платформалар, онлайн-учрашувлар ва халқаро кўргазмаларда иштирок этиш бизнес вакилларимизга воситачиларсиз ҳамкорлар топиш ҳамда келишувлар тузиш имконини бермоқда.
Айни пайтда икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, мева-сабзавотчилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва жадал ривожланаётган машинасозлик соҳаларида бой тажрибага эга. Сенегал эса ўз навбатида балиқчилик, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳалари ҳамда яқинда бошланган углеводород қазиб чиқариш тармоғи билан машҳур. Шунингдек, Дакар Ғарбий Африкадаги савдо ва транспорт чорраҳаси сифатида азалдан муҳим роль ўйнайди. Мамлакат минтақавий бирлашмаларга аъзолиги орқали қўшни бозорлар билан ҳам чамбарчас боғланган.

Таълим ва фан соҳаларида ҳам улкан салоҳият мавжуд. Ўзбекистонда олий таълим муассасалари тармоғи жадал кенгайиб, янги таълим дастурлари жорий этилмоқда, хорижлик талабалар сони ортиб бормоқда. Сенегал ҳам таълим соҳасида бой меросга эга бўлиб, ҳақли равишда Ғарбий Африкадаги асосий илм-фан марказларидан бири саналади. Талабалар ва ўқитувчилар алмашинуви, қўшма илмий лойиҳалар ҳамда грантлар икки мамлакат ёшларини янада яқинлаштиришга хизмат қилади.
Кўп томонлама дипломатия ўзаро алоқаларнинг муҳим таянчидир. Ўзбекистон ва Сенегал глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш, озиқ-овқат ва иқлим хавфсизлигини таъминлаш ҳамда халқаро институтларда фаол иштирок этишга интилади. Мамлакатимизнинг 2027–2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатидаги бўлажак раислиги Африка қитъаси мамлакатлари билан яқин мулоқотни ривожлантиришда янги саҳифа очади. Сенегал эса минтақадаги юксак мавқеи туфайли Тошкент учун бу йўлдаги энг муҳим ҳамкорлардан бирига айланиши мумкин.
Ўзбекистон ва Сенегал ўртасидаги 31 йиллик дипломатик муносабатлар — бу ўзаро ишонч, ҳурмат ва ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган интилиш қарор топган босқичдир. Мамлакатларимизни муштарак қадриятлар, умумий мақсадлар ва самимий мулоқот истаги боғлаб туради. Ҳар бир янги ташриф, ҳар бир учрашув ва қўшма лойиҳа ушбу дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ораш Акабоев, ЎзА