Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари экспертлар нигоҳида
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб, амалий мазмун билан бойиб бормоқда. Давлат раҳбарлари даражасидаги мунтазам мулоқотлар ва қабул қилинаётган қўшма қарорлар бу жараёнга янги суръат бағишламоқда.
Хусусан, сўнгги олий даражали учрашувда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди. Бу мақсадга эришиш имконияти ва механизми экспертлар томонидан фаол муҳокама қилинмоқда.
“Халқаро минбар” лойиҳасида икки мамлакат экспертлари – Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Мухтор Назиров ва Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Ташқи сиёсий тадқиқотлар институти катта эксперти Валерий Ситенко ўзаро муносабат ва Марказий Осиё минтақасидаги геосиёсий вазият хусусида фикр юритган.
Валерий Ситенко:

– Давлатларимиз ўртасидаги савдо ва хизмат айланмасини 10 миллиард долларга етказиш бугунги шароитда реал вазифа, деб ўйлайман.
Мен одатда шахсий таҳлилдан кўра, кўпроқ хорижий экспертлар баҳосига таянишни маъқул кўраман. Яқинда Хива шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Германия таҳлилчилари иштирокида форум бўлиб ўтди. Бу мулоқот C+5 формати доирасида ташкил этилди.
Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари Россия, Хитой ва Европа Иттифоқи давлатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Германия ва Италия иштирокида алоҳида формат шаклланмоқда. Хивадаги учрашув нафақат жорий ҳолатни баҳолаш, балки сиёсатчилар ва бизнес учун аниқ таклифлар ишлаб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Асосий хулоса шуки, бугун Марказий Осиёга қизиқиш дунё миқёсида ортмоқда. Бу геосиёсий ўзгариш билан боғлиқ. Табиийки, минтақамиз улкан сиёсий ва иқтисодий салоҳиятга эга.
Форумда минтақавий интеграцияни ривожлантириш мақсадининг беш устувор йўналиши белгиланди: минтақавий институтлар очиш, ягона иқтисодий макон яратиш, транспорт йўлакларини такомиллаштириш, ташқи сиёсатни мувофиқлаштириш ва умумий минтақавий идентификацияни шакллантириш.
Кўряпмизки, минтақавий интеграция юқори суръатда ривожланмоқда ва айни жараён мислсиз истиқболга ҳам эга. Шунингдек, Хивада Германия – Марказий Осиё экспертлар мулоқоти янги механизми яратилди. Бундай учрашувлар мунтазам ўтказилиши режалаштирилган. Кейингиси Қозоғистонда бўлиб ўтади.
Энг муҳими, жараённинг асосий драйверлари – Ўзбекистон ва Қозоғистон. Зеро, бу икки давлат самарали ҳамкорлиги бутун Марказий Осиё интеграцияси муваффақиятини белгилайди.
Мухтор Назиров:

– Ўзбекистон ва Қозоғистон 10 миллиард долларлик марра учун етарли иқтисодий асосга эга. Масалан, сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш қиймати 4 миллиард доллардан ошди. Бу кўрсаткич савдо муносабати барқарор ўсиш босқичига чиққани, ўзаро ишонч ва иқтисодий боғлиқлик кучайганини англатади.
Бухоро мулоқотининг асосий хусусияти “амалий кун тартиби”га эгалигидир. Автомобилсозлик, логистика, энергетика ва қурилиш материаллари соҳасидаги кооперация лойиҳалари ўзаро муносабатни саноат интеграцияси босқичига олиб чиқмоқда.
Ҳозир икки мамлакатда фаолият юритаётган 1000 дан зиёд умумий қўшма корхона саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ва хизмат соҳаларини қамраб олган. Кимё, геология ва автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқариш йўналишларидаги янги режалар эса жараён тобора чуқурлашаётганини кўрсатади.
Энди саноат кооперациясини ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор қаратилади. Айниқса, юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш муҳим. Қолаверса, транспорт йўлакларини самарали ишлатиш, божхона тартиб-таомилини соддалаштириш ва рақамлаштириш ҳам стратегик аҳамиятга эга.
Маълумки, Марказий Осиё давлатлари учун ташқи бозорга чиқиш имконияти нисбатан чекланган. Шу нуқтаи назардан чегара олди инфратузилмасини такомиллаштириш ва самарали транспорт йўлакларини шакллантириш нафақат икки ўлка, балки бутун минтақа геоиқтисодий позициясини мустаҳкамлайди.
Гап фақат юк ташиш эмас, балки Марказий Осиёни глобал таъминот занжирига улашда. Агар шу йўналишларда изчил иш олиб борилса, 10 миллиард долларлик кўрсаткичга етиш мутлақ реал вазифа.
Дилшод Ҳакимов тайёрлади.
ЎзА