Ўзбекистон ва Польша стратегик иқтисодий шерикликни мустаҳкамламоқда
Польша пойтахти Варшава шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон–Польша бизнес-форуми икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шерикликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. 150 нафардан ортиқ давлат ва бизнес вакилларини бир майдонга жамлаган форумда инвестициялар, экспортни кенгайтириш, саноат кооперацияси ва Европа бозорига чиқиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Варшава шаҳрида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бошчилигидаги делегация иштирокида Ўзбекистон–Польша бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Европа давлатлари билан иқтисодий алоқалари изчил кенгайиб бормоқда. Хусусан, Польша Марказий ва Шарқий Европадаги энг йирик иқтисодиётлардан бири сифатида Ўзбекистон учун муҳим ҳамкорлардан саналади.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–май ойларида Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 164 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш тенденциясини намоён этмоқда.
Форумда 150 нафардан ортиқ иштирокчи, жумладан, икки мамлакатнинг давлат идоралари, савдо-саноат палаталари, тармоқ уюшмалари, етакчи компаниялари ва бизнес вакиллари қатнашди. Тадбирни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ҳамда Польша Савдо палатаси раиси Анджей Арендарский очиб берди.
Форум давомида Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги, хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай бизнес муҳити, иқтисодий ислоҳотлар натижалари ҳамда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Тақдимотларда мамлакатимизнинг электротехника саноати, озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти, тўқимачилик тармоғи, шунингдек, инновацион ва юқори технологияли соҳалардаги имкониятлари атрофлича ёритилди. Польша томони эса ўз бизнес муҳити, инвестиция имкониятлари ҳамда ўзбекистонлик тадбиркорлар учун Европа Иттифоқи бозорига чиқиш истиқболлари ҳақида маълумот берди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Польша Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев, Польша Иқтисодий тараққиёт ва технологиялар вазирлиги, Польша инвестиция ва савдо агентлиги ҳамда Польша–Осиё Савдо-саноат палатаси вакиллари иштирок этиб, иқтисодий шерикликни янада чуқурлаштиришга қаратилган қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Расмий сессия якунида томонлар икки мамлакат ўртасида ҳали тўлиқ ишга солинмаган катта иқтисодий салоҳият мавжудлигини таъкидлаб, бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш, ўзаро инвестициялар ҳажмини ошириш ва қўшма лойиҳаларни кўпайтириш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди.

Форумнинг амалий қисми B2B учрашувлари билан давом этди. Унда тадбиркорлар экспорт-импорт операцияларини кенгайтириш, қўшма ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда узоқ муддатли шериклик муносабатларини шакллантириш юзасидан музокаралар ўтказди.
Польша Европа Иттифоқининг 450 миллиондан ортиқ истеъмолчини қамраб олган ягона бозорига чиқишда муҳим логистика ва саноат марказларидан бири ҳисобланади. Шу боис Варшавада ўтказилган мазкур бизнес-форум нафақат икки давлат ўртасидаги савдо айланмасини ошириш, балки ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг Европа бозоридаги иштирокини кенгайтириш, экспорт географиясини диверсификация қилиш ва янги инвестицияларни жалб этиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ш.Маматуропова, ЎзА