Ўзбекистон ва Покистон: савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, маданий-гуманитар алоқалар ривожи
Олий Мажлис Сенатига Покистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Фарук ташриф буюрди.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева билан учрашувда парламент юқори палатаси раҳбари Аҳмад Фарукнинг сўнгги уч йил давомида самарали фаолият олиб бориб, икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшганини алоҳида эътироф этди.
Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани, давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли икки томонлама алоқалар янги босқичга кўтарилгани қайд этилди.

Эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш, парламентлараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш, дўстлик гуруҳлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Покистон илмий муассасалари билан ҳамкорлигини фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Сенат раиси Покистон делегациясини Самарқанд шаҳрида Парламентлараро иттифоқ билан ҳамкорликда ўтказиладиган Ёш парламент аъзоларининг 12-глобал конференцияси ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига бағишланган 3-глобал форумда иштирок этишга таклиф этди.
Н.Абдураимова,
ЎзА