Ўзбекистон ва Покистон: савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-логистика соҳаларидаги ҳамкорлик кенгайтирилади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Фарук билан учрашди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги икки томонлама алоқалар сўнгги йилларда жадал ривожланиб, стратегик шериклик янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди. Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида урғу берилиб, бу жараёнда парламентларнинг ўрни муҳим экани қайд этилди.

Икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этувчи парламентлараро мулоқотни кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-логистика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Маданий-гуманитар алоқалар, таълим, туризм ва илм-фан йўналишидаги шерикликни янада ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, икки давлат халқлари манфаатлари йўлида белгиланган режалар фаол амалга оширилишига ишонч билдирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА