Ўзбекистон ва Парламентлараро иттифоқ: ишончли ва самарали ҳамкорлик янада ривожланади
Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Парламентлараро иттифоқ Президенти Тулия Эксон билан учрашди.
Сенат Раиси Тулия Эксон билан мунтазам мулоқотлар Ўзбекистон ҳамда Парламентлараро иттифоқ ўртасидаги ишончли ва самарали ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Т.Эксоннинг Парламентлараро иттифоқ Президенти сифатидаги фаолияти давомида ташкилотнинг парламент дипломатиясидаги ўрни янада мустаҳкамлангани, тинчлик, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик, сунъий интеллект ва ёшлар масалалари бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилгани қайд этилди.
Ўзбекистон учун Парламентлараро иттифоқ билан ҳамкорлик доирасида 2025 йилда Тошкентда ўтказилган 150-Ассамблея алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Илк бор Марказий Осиёда ташкил этилган мазкур нуфузли тадбирда 140 га яқин мамлакатдан 2 мингдан ортиқ делегат, шу жумладан, 740 нафар парламент аъзоси иштирок этди.

Тошкент декларациясини амалга ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Мазкур ҳужжат парламентларни ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлаш йўлидаги амалий ҳаракатларга ундамоқда.
Самарқандда ўтказилаётган Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси эса ёшларнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки ва қарорлар қабул қилишдаги ролини кучайтиришга қаратилган муҳим халқаро мулоқот майдони сифатида хизмат қилмоқда.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Танзания парламентлари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, тажриба алмашиш ва парламент дипломатияси доирасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА