Ўзбекистон ва ЖСТ: Жаҳон иқтисодиётига интеграциялашув бизга нима беради?
Мамлакатимизда халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий давлатлар билан имтиёзли савдо-иқтисодий алоқани мустаҳкамлаш, шунингдек юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш орқали жаҳон бозоридан муқим ўрин эгаллашга қаратилган саъй-ҳаракат изчил давом эттирилмоқда. Бу жараёнда юртимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис, сўнгги йилларда айни йўналишда жадал иш олиб бориляпти. Жумладан, аъзо давлатлар билан икки ва кўп томонлама музокарани якунига етказиш, миллий қонунчиликни муайян талабга мувофиқлаштириш йўлида сезиларли қадамлар қўйилди.
Айтиш керакки, Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) давлатлараро савдога доир глобал қоидани назорат қиладиган ягона халқаро идора сифатида Тариф ва савдо бўйича Бош келишувни мувофиқлаштиради. ЖСТ халқаро савдо муносабатида аъзо мамлакатлар учун қулай ҳуқуқий тизим тақдим этади. Тузилма доирасида келишилган ҳужжатлар давлатлар зиммасига савдо сиёсатини белгиланган мезон асосида олиб бориш масъулиятини юклайди. Асосий мақсад – жаҳон савдосини янада либераллаштириш ва адолатли рақобат шароитини яратиш.

– ЖСТга қўшилишнинг афзал жиҳати бисёр, – дейди иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Жасурбек Отаниёзов. – Масалан, савдо ривожининг башорат қилиниши, барқарорлиги, ташқи иқтисодий сиёсат шаффофлиги асносида товар ва хизматнинг жаҳон бозорига чиқиши учун янада қулай шарт-шароит таъминланади. ЖСТ Низони ҳал қилиш механизмига кириш орқали савдодаги камситиш бартараф этилади. Халқаро савдога оид янги қоида ишлаб чиқишда кўп томонлама савдо музокарасида самарали иштирок этиш орқали жорий ва стратегик савдо-иқтисодий манфаатни илгари суриш имкони яратилади. Барча аъзолар учун “Кўп томонлама савдо битими” номли асосий келишув ва ҳуқуқий ҳужжатга амал қилиш мажбурияти ҳам бор. Ҳуқуқий нуқтаи назардан, ўзига хос кўп томонлама шартнома ҳисобланган ЖСТ тизими меъёри ва қоидаси бутун ер юзи бўйлаб товар ва хизмат савдосининг тахминан 97 фоизини тартибга солади.
Бугунги кунда 166 давлатни бирлаштирган жаҳоннинг энг йирик халқаро иқтисодий ташкилоти – ЖСТ глобал савдо ва дунё ялпи ички маҳсулотининг 98 фоиздан зиёдини қоплайди. Ташкилот доирасида ҳозиргача 200 дан кўп йирик савдо низоси ҳал этилган.

ЖСТга кириш узоқ вақт талаб этадиган жараёндир. Хитой Халқ Республикасини ушбу тузилмага қабул қилиш бўйича музокара 1986 йил бошланган ва 15 йил давом этиб, 2001 йил 11 декабрда якунланган. Айнан шу воқеа Чин мамлакати бозор ислоҳотини кенг кўламда амалга ошириши учун туртки берган. Аъзолик Хитойга иқтисодий масала бўйича халқаро майдонда овоз бериш ҳуқуқини берди. Қолаверса, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янада қулай шарт асосида ташқи бозорга чиқиш имкони пайдо бўлди.
Зеро, бунгача ХХРда ташқи иқтисодий айирбошлаш экспорт, реэкспорт соҳаси ва технология боғлиқлиги билан чегараланган, яъни ички иқтисодиёт ташқи дунёдан ажратилган эди.
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнлари
Дийримизнинг бир неча босқичда амалга оширилган Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни қуйидаги асосий даврларни ўз ичига олади:
1994 йил – ЖСТга кириш бўйича расмий талабнома топширилди. Бу мамлакатимиз халқаро савдо тизимига интеграциялашуви йўлидаги илк қадам ҳисобланади.
2003 йил – ЖСТ ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши ўтказилди ва аъзолик жараёни институционал жиҳатдан бошланди.
2016 йилдан кeйин амалга оширилган миллий иқтисодиётни барқарорлаштириш ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш борасидаги фаол ислоҳотлардан сўнг 2018 йил март ойидан Ўзбекистонни ЖСТга қабул қилиш жараёни қайта бошланди.
2019 йил июль ойида ЖСТга қўшилиш юзасидан Ташқи савдо рeжими тўғрисидаги янгиланган мeморандум ва бошқа қатор ҳужжатлар тақдим этилди.
2020 йил фeвралда “Ўзбeкистоннинг ЖСТга киришига кўмаклашиш” бўйича беш йиллик лойиҳа ишлаб чиқилди. Июль ойида бўлиб ўтган ишчи гуруҳнинг тўртинчи йиғилиши билан ҳаракат расман қайта тикланди.
2021 йил – ЖСТ аъзолари томонидан мамлакатимиз савдо режими муҳокама қилинди.
2022 йил Миллий қонунчиликни ЖСТ талабига мослаштириш бўйича қонун ва меъёрий ҳужжатлар такомиллаштирилди.
2023 йил икки томонлама музокаралар фаол давом этди.
2024 йил ЖСТ ишчи гуруҳи доирасида республикамиз савдо режими бўйича янгиланган ахборот тақдим этилди ва аъзо давлатлар саволларига жавоб берилди.
2024 йил жами 15 давлат билан икки томонлама музокара муваффақиятли якунланди.
2025 йил якунловчи музокара босқичига ўтиш ва ташкилотга аъзо бўлиш бўйича келишувни расмийлаштириш жараёни жадаллаштирилди.
Умуман, ўтган йил охирига келиб Ўзбекистон ЖСТга аъзо 34 давлатдан 33 таси билан икки томонлама музокарани якунлади. Айни пайтгача мамлакатимизда ЖСТ билан боғлиқ жами 30 ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.
ЖСТга аъзо бўлиш бизга нима беради?
Эксперт Ж.Отаниёзов “Ўзбeкистоннинг ЖСТга киришига кўмаклашиш” бўйича ишлаб чиқилган беш йиллик лойиҳа Европа Иттифоқи томонидан фаол қўллаб-қувватланаётганига алоҳида эътибор қаратди. Мазкур ташаббус орқали асосий урғу ЖСТга қўшилиш жараёнида миллий иқтисодиётни такомиллаштириш бўйича ривожланиш рeжасига берилган. Бундан кўзланган асосий мақсад – ЖСТ томонидан белгиланган қоидага мос кeладиган савдо муҳитини яратиш орқали ўлкамизнинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш ҳамда халқаро савдо тизимига уйғунлашувни кучайтириш.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни 2020 йил июль ойида бўлиб ўтган ишчи гуруҳ тўртинчи йиғилишида расман қайта тикланган. Шундан сўнг 2022 йил июнь, 2023 йил март ва 2023 йил ноябрь ойларида яна уч учрашув бўлиб ўтди. 2026 йил сўнгги икки томонлама музокара – Тайвань билан келишув якунланиши лозим. Шундан сўнг кўп томонлама мулоқотлар тугатилиб, Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича ишчи гуруҳ ҳисоботи тайёрланади.
Айни йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида мамлакатимиз мислсиз натижага эришди. Жорий йил бозорга кириш бўйича мажбурият юзасидан белгиланган амалиёт якуний босқичга ўтади. Товар ва хизмат бўйича мажбуриятлар жадвалини умумлаштириш, экспорт божи, транзит эркинлиги ҳамда савдони енгиллаштириш масаласи ЖСТ қоидасига мувофиқ тарзда келишиб олинади.

Ўзбекистон ЖСТ доирасида тармоқ келишувига эришишни ҳам тезлаштирган. 2025 йил мазкур босқичга тайёргарлик учун зарур асос яратилган. Хусусан, 34 аъзо давлатдан 33 таси билан икки томонлама музокара якунланган. Тузилма билан боғлиқ 30 ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган, техник ва институционал ислоҳот йўлга қўйилган. Қонунчиликни мувофиқлаштириш доирасида ҳукумат ЖСТ талабига мос қўшимча 29 меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилишни режалаштирган. Мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлиши бошқа давлатлар билан иқтисодий ҳамкорликни янада яхшилаш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, янги бозорларга чиқиш орқали ташқи рақобатбардошликни кучайтириш учун қулай шароит, мустаҳкам замин яратади.
Шу ўринда айтиш лозим, юртимиз ташқи савдо ҳамкорларининг аксарияти ЖСТ аъзолари. Ҳозирча ЖСТ таркибидаги давлатлар билан савдо-иқтисодий муносабатда учинчи давлат ҳисобланадиган мамлакатимизга нисбатан экспорт товарларига юқори бож ставкаси ҳамда нотариф тартибга солиш усуллари қўллаб келинмоқда. Аъзоликдан сўнг экспорт салоҳиятига салбий таъсир кўрсатадиган шундай ҳолатлар бартараф этилади. Дарвоқе, 2025 йил якунига кўра жами ташқи савдо айланмасининг 50 фоиздан кўпи айнан ЖСТ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келган. Қолаверса, давлатимиз экспорт географияси ҳамда асосий ҳамкорлар ҳисобланган ЖСТ таркибидаги мамлакатлар билан савдо муносабати кўламини янада кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар йил сайин фаоллашмоқда.

Хулоса шуки, Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодий тизимига интеграциялашувни кучайтиришга қаратилган сиёсати мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш орқали миллий иқтисодиёт барқарор даражада ўсишини таъминлашга йўналтирилган. Шу боис ЖСТга қўшилиш ташқи иқтисодий сиёсатнинг асосий устувор йўналиши сифатида ташкилотга аъзо давлатлар билан фаол алоқалар ўрнатиш, истиқболда Ватанимиз иқтисодий тараққиётини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Гўзал Сатторова, ЎзА