Ўзбекистон ва Жанубий Корея қишлоқ хўжалигида янги лойиҳаларни амалга оширади
Қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни жорий этиш, малакали кадрлар тайёрлаш ва озиқ-овқат саноатида янги лойиҳаларни амалга ошириш борасида Ўзбекистон–Жанубий Корея ҳамкорлиги кенгаймоқда.
Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.Хўжаев бошчилигидаги делегация Жанубий Кореяда қишлоқ хўжалиги, таълим ва озиқ-овқат саноати йўналишларида қатор учрашувлар ўтказмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъуллари DICA (Dankook International Cooperation in Agriculture) президенти Леэ Донг Жин билан музокараларда Ўзбекистонда “Korea–Uzbekistan AgriTech University”ни ташкил этиш лойиҳасини муҳокама қилди.
Лойиҳа доирасида “3+1” таълим модели асосида смарт қишлоқ хўжалиги, аграр менежмент, биология ва озиқ-овқат технологиялари йўналишларида мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, университетнинг моддий-техник базасини шакллантириш масалалари кўриб чиқилиб, лойиҳа бўйича ҳамкорлик келишувини имзолашга келишиб олинди.
Музокараларда қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, TG компанияси билан учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳаси муҳокама қилинди.
Унда ақлли ферма ташкил этиш, илғор технологияларни жорий қилиш, соҳа учун мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг Жанубий Кореяда малакасини ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Шунингдек, иссиқхоналарда корейс сабзавот ва полиз экинлари навларини синовдан ўтказиш бўйича келишувга эришилди, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Ташриф доирасида озиқ-овқат саноатидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Sungshin L&P va Dongwon F&B компаниялари вакиллари билан учрашувда Ўзбекистонда кимчи ҳамда денгиз ўтларидан тайёрланадиган чипс каби янги турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Жежу мандаринларини импорт ва экспорт қилиш бўйича ҳамкорлик имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Dongwon F&B маҳсулотлари айни пайтда Ўзбекистонда “Корзинка” савдо тармоғи орқали сотилаётгани қайд этилиб, ушбу йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш режалари белгиланди.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА