Ўзбекистон ва Хитой ўртасида илмий-таҳлилий ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Жаҳон миқёсида иқтисодий тараққиётни таъминлашда илмий-таҳлилий ҳамкорлик муҳим ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро алоқалар янги мазмун билан бойитилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ҳамда Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши ҳузуридаги Тараққиёт тадқиқотлари маркази ўртасида имзоланган англашув меморандуми бунга яққол мисол бўла олади.
Мазкур ҳужжат икки томон ўртасида иқтисодиётнинг турли йўналишларида тажриба алмашиш, илмий-таҳлилий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Меморандум доирасида бир қатор устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилган. Жумладан, қўшма илмий тадқиқотлар ва таҳлилий ишлар амалга оширилади, турли семинарлар, конференциялар ва тренинглар ташкил этилади. Шунингдек, мутахассислар ўртасида хизмат сафарлари орқали тажриба алмашиш йўлга қўйилади.
МҲТИ ахборот хизматига кўра, томонлар ўзаро келишув асосида янги ҳамкорлик йўналишларини ҳам изчил равишда кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бу эса, ўз навбатида, икки давлат ўртасидаги илмий ва иқтисодий алоқаларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА