Ўзбекистон ва Гонгконг ўртасида визасиз режим узайтирилиши ва тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилиши кутилмоқда
Гонгконг медиасида катта нуфузга эга “HKG TVB news today” телеканалининг маълумот беришича, Гонконг ва Ўзбекистон ўртасида визасиз режим муддати узайтирилиши ва тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилиши мумкин. Гонконг сайёҳлик агентликлари икки томонлама туризм ривожлантирилишига умид билан қараётгани тўғрисида мақола эълон қилди.
“Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон пойтахти Тошкентда очилган Ислом цивилизацияси маркази мамлакатнинг ноёб архитектура тимсолига айланди. У технологик ютуқларни ўз ичига олган ҳолда анъанавий ислом эстетикасини намойиш этади. Унинг коллекциясида бизгача етиб келган дунёдаги энг қадимий қўлёзмалардан бири бўлган Қуръони каримнинг “Усмон Мусҳафи” мавжуд” дейилади кўрсатувда.
Материалда Хитойдан Ўзбекистонга келган сайёҳ Ни хонимнинг фикрлари ҳам киритилган: “Ислом цивилизацияси марказининг қурилиши исломий анъаналарга таянган. Уларнинг нақшлари ва безаклари жуда мураккаб бўлиб, бу Хитой архитектурасидан кескин фарқ қилади. Ўзбекистонга хос архитектурани ҳамма жойда учратиш мумкин, жумладан, метро станцияларида. Тошкент Марказий Осиёдаги энг қадимий ва энг узун метро линиясига эга. Шунингдек, пойтахтда 375 метр баландликдаги телеминора мавжуд бўлиб, у сайёҳлар учун шаҳарни кузатиш минораси вазифасини ҳам ўтайди.
Ўзбекистон сўнгги йилларда виза тартибини юмшатиш ва транспорт инфратузилмасини яхшилаш эвазига туризм индустриясини жадал ривожлантирмоқда. Ўтган йили мамлакат 11 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳни қабул қилди.
Хитой Халқ Республикаси Сянган (Гонконг) махсус маъмурий ҳудуди Администрацияси раҳбари Ли Сзячао бошчилигидаги делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давомида сайёҳлар учун визасиз муддатни 10 кундан 30 кунгача узайтиришга келишиб олинди. Шунингдек, икки давлат авиакомпаниялари ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиш бўйича ҳам дастлабки келишувга эришилди.
Визасиз муддатни ўттиз кунгача узайтириш жуда фойдали бўлади, чунки сайёҳлар учун одатда ўн кун этарли эмас. Агар келажакда Тошкентга тўғридан-тўғри рейслар бўлса, бу сайёҳлик гуруҳлари учун жуда қулай бўлади. Ҳозирда Гонконгдан жуда кам одам Ўзбекистонга саёҳат қилади, чунки улар бошқа мамлакатлар орқали Тошкентга транзит рейслар орқали боришни ёқтирмайдилар”, деб ёритилган материалда.
Маълумки, Гонконг Осиё минтақасининг энг йирик молиявий, бизнес ва логистика марказларидан бири ҳисобланади. Шу боис Ўзбекистон учун мазкур ҳудуд нафақат туристик бозор, балки инвестиция ва халқаро ҳамкорлик нуқтаи назаридан ҳам муҳим стратегик йўналиш саналади.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА