Ўзбекистон ва Германия: ўзаро ишонч ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган муносабатлар ривожланмоқда
Олий Мажлис Сенатига Германия Федератив Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Европа ишлари бўйича давлат вазири Гюнтер Крихбаум бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан учрашувда ўзаро ишонч ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган Ўзбекистон – Германия муносабатлари юксак даражада экани қайд этилди. Икки томонлама ҳамкорликка барқарор суръат бахш этаётган олий даражадаги фаол сиёсий мулоқот муҳимлиги таъкидланди.

Парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, шу жумладан, тегишли қўмиталар, ҳамкорлик гуруҳлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ва ўзаро ташрифларни ташкил этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Савдо-иқтисодий, инвестициявий алоқаларни, таълим, маданият ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА