Ўзбекистон ва Франция: Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқини ҳимоя қилишда ҳамкорлик
Жаҳонда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда жамият ҳаётига тўлиқ жалб этиш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бу борада халқаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни кенгайтириш муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон ҳам ушбу йўналишда қатор давлатлар билан самарали мулоқотни йўлга қўйиб, ижтимоий ҳимоя тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг ўринбосари Усмон Шарифхўжаев Франция Ногиронлик масалалари бўйича Вазирлараро қўмитаси Бош котиби Селин Пуле билан онлайн учрашув ўтказди.

Учрашув давомида томонлар ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инклюзив таълимни ривожлантириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва қулай муҳит яратиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Агентлик вакиллари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот бериб, жумладан, “Инсон” марказлари фаолияти ва ижтимоий ходимлар тизими орқали аҳолига кўрсатилаётган хизматлар ҳақида тўхталди.
Франция томони эса ўз тажрибаси билан ўртоқлашиб, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш, уларга индивидуал ёрдам кўрсатиш ҳамда рақамли иш ярмаркаларини ташкил этиш каби амалиётлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган ёшлар учун олий таълим муассасаларида ажратилган квота тизими француз томони томонидан ижобий тажриба сифатида эътироф этилди.
Учрашув якунида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, тажриба алмашишни давом эттириш ва келгусида қўшма ташаббусларни амалга ошириш бўйича келишилди.
Мазкур мулоқот мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА