Ўзбекистон–Тожикистон: Шоличиликда илмий ҳамкорлик ва тажриба алмашинуви янги босқичда
Шоличилик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида қўшни Тожикистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси Шоличилик илмий-тадқиқот институтига ташриф буюрди.
Ташриф давомида делегация аъзолари институтнинг илмий-инновацион фаолияти, замонавий лаборатория шароитлари ҳамда шоли етиштириш, селекция ва уруғчилик йўналишларида олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари билан яқиндан танишди.

Шунингдек, олимлар томонидан яратилаётган янги юқори ҳосилли, касалликларга чидамли шоли навлари, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш технологиялари ҳамда илғор агротехник усуллар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Учрашув давомида томонлар ўртасида қишлоқ хўжалиги, хусусан шоличилик йўналишида илмий ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Якунда икки томонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма тадқиқотлар олиб бориш ҳамда инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш бўйича келишилди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА