Ўзбекистон – Тожикистон: икки халқни яқинлаштирган тарихий учрашув
Минтақа сиёсий майдонида баъзан шундай лаҳзалар юзага келадики, бундай воқеалар расмий ташриф доирасидан кўра кенгроқ, бутун бир тарихий босқич рамзига айланади. Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи ана шундай ҳодисалардан бири, дейиш мумкин.
Тожик етакчиси самолётдан тушибоқ, энг аввало, “Наврўз муборак!” деган иборани тилга олган лаҳза шунчаки байрам табриги эмас эди. Ўша дам асл сиёсат рамзий маъно билан уйғунлашди: баҳор – уйғониш фасли, Наврўз – янгиланиш айёми, Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатлари эса ўзаро ишонч тўлиқ тикланишининг ёрқин намунасидир.
Давлат раҳбарлари Тошкентда айнан Наврўз кунлари учрашиши оддий сана танлови эмас. Бу мужда шундан далолатки, муносабатларимиз яна қайта гуллаб-яшнамоқда.
Бу жараённинг илдизи 2018 йилга бориб тақалади. Ўшанда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбе шаҳрига амалга оширган илк давлат ташрифи янги ҳамкорлик ва яқинлашув босқичига йўл очган эди. Бугун эса бу анъана давом этиб, минтақавий дипломатиянинг барқарор рамзига айланди.

Тожикистон раҳбари таъкидлаганидек, “Бугунги мулоқот Халқаро Наврўз байрами кунлари ўтказилиши алоҳида рамзий аҳамиятга эга”.
Яъни бу икки ўлка ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган умумий иродани ифодалайди.
Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ҳам “Тожикистон Ўзбекистон учун ишончли стратегик шерик ва иттифоқчидир”, дея таъкидлаши мамлакатларимиз ўртасидаги муносабат ишончни тиклаш босқичидан ўтиб, стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилганини англатади.
Муносабатларни янада чуқурлаштириш бўйича Қўшма баёнот имзоланиши ва аниқ иқтисодий дастурлар қабул қилиниши бунинг яққол далилидир.
Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш қиймати қарийб 1 миллиард долларга етган. Бу борадаги йиллик ўсиш суръати тахминан 30 фоизни ташкил этмоқда. Давлат раҳбарлари масъулларга ушбу кўрсаткични узоқ истиқболда эмас, эҳтимол 2028 йилга қадар 2 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйдилар.
Айниқса, энергетика, саноат, транспорт, логистика, металлургия, машинасозлик, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, рақамли технология ва сунъий интеллект каби соҳаларда ҳамкорлик кенгайиши иқтисодий интеграция барқарор жараёнга айланганини кўрсатмоқда.
Бу рақамлар ортида яна бир муҳим воқелик турибди: Ўзбекистонда Тожикистон сармояси иштирокида 410 корхона, Тожикистонда эса 131 Ўзбекистон қўшма корхонаси фаолият юритмоқда. Шунингдек, юзлаб янги лойиҳалар икки мамлакат иқтисодиётига янги нафас бағишламоқда. Бу жараёнда иқтисодиёт очиқ-ойдин шундай демоқда: ҳамкорлик энди танлов эмас, балки зарурат.

Алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида янги лойиҳалар амалга ошириш учун старт берилди. Жумладан, Тожикистонда жами 98 миллион долларлик 7 та лойиҳа, Ўзбекистонда 63,2 миллион долларлик 5 та лойиҳа йўлга қўйилади.
Ушбу лойиҳалар саноат, агросаноат, соғлиқни сақлаш ва истеъмол товарлари ишлаб чиқариш соҳаларини қамраб олиб, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.
Эътиборлиси, халқ дипломатияси ҳам жадал ривожланмоқда. Бир йилнинг ўзида 2,78 миллион Тожикистон фуқароси Ўзбекистонга, 1,1 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси эса Тожикистонга сафар қилган. Бу рақамлар икки давлат чегаралари қалбларни бирлаштирувчи нуқтага айланаётганини кўрсатади.
Давлат ташрифи доирасида қатор муҳим тадбирлар ўтказилиб, ҳамкорликнинг кенг қамровли йўналишлари муҳокама қилинди ва ташриф самарали ўтишига замин яратилди.
Тошкентда ташкил этилган икки давлат маҳсулотлари кўргазмаси экспорт ва саноат салоҳиятини намоён этди. Жиззах шаҳрида уюштирилган иккинчи ҳудудлараро форумда муҳим инвестиция келишувлари имзоланди. Ўзбекистонда Тожикистон маданияти кунлари ўтказилиб, миллий қадриятлар кенг тарғиб этилди. Таҳлил марказлари иштирокида анжуманлар, олимлар ва ёшлар учрашувлари ташкил этилди.
Бу тадбирлар ҳамкорлик фақат сиёсий даража билан чекланмасдан, жамиятнинг барча қатламларини қамраб олганини кўрсатди.
Икки давлат раҳбарлари яна бир бор таъкидладиларки, Ўзбекистондаги тожиклар ва Тожикистондаги ўзбеклар учун тил, маданият ва миллий анъаналарни асраш, ривожлантириш учун барча шароитлар яратилади.
Самарқанд, Бухоро ва Фарғона олий таълим муассасаларида тожик тили ва адабиёти ихтисосликлари, Хўжанд давлат университети ва Тожикистон давлат педагогика университетида ўзбек тили ва адабиёти йўналишлари мавжудлиги, “Халқ овози” (Душанбе) ва “Овози тожик” (Тошкент) газеталари мунтазам нашр этилиши, икки давлат марказий телеканалларида тожик ва ўзбек тилларида кўрсатувлар эфирга узатилиши, миллий маданий марказлар фаолияти, буларнинг бари оқилона ва дўстона сиёсат самарасидир.
Давлат раҳбарларининг Бухоро ва шаҳарнинг тарихий обидалари, жумладан Исмоил Сомоний мақбарасига биргаликда ташриф буюриши икки халқ ўртасидаги чуқур тарихий боғлиқлик рамзидир. Бу ташриф яна бир бор кўрсатдики, ўтмиш фақат хотира эмас, балки келажакни бунёд этиш учун мустаҳкам заминдир.
Эҳтимол, ушбу ташрифнинг асосий мазмун-моҳияти ҳам айнан шунда мужассамдир. Яъни тарих, маданият ва муштарак манфаатга таянган муносабат ҳар қандай қийинчиликдан ўта олади.
Шу нуқтаи назардан Тожикистон Республикаси Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифини қуйидаги формула билан ифодалаш мумкин: рамзийлик+ишонч+иқтисодиёт+халқ+маданият+тарих=барқарор интеграция.
Бу формула ичида рамзийлик – Наврўз. Бу оддий байрам эмас, балки чуқур ва бой ғоя: муносабатларни янгилаш, муштарак илдизларга қайтиш, умумий келажакни барпо этиш ғояси.
Наврўз бугун оқилона сиёсат шукуҳига айланди. Бундай сиёсат нафақат бугунни, балки минтақанинг эртанги барқарор ва фаровон келажагини ҳам яратади.
Ёқубжон Абдуманнонзода,
Тожикистоннинг “Халқ овози” газетаси бош муҳаррири,
Зуҳриддин Умаров,
“Халқ овози” газетаси масъул котиби, филология фанлари номзоди