Ўзбекистон терма жамоаси октябрда Жанубий Корея билан ўйнайди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси октябрь ойидаги FIFA кунлари доирасида Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бирига қарши майдонга тушади.
Ўзбекистон футбол ассоциациясининг маълум қилишича, Фабио Каннаваро бошчилигидаги миллий жамоамиз 6 октябрь куни сафарда Жанубий Корея терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказади.
Мазкур баҳс жамоамизнинг навбатдаги расмий мусобақаларга тайёргарлик режасидан ўрин олган бўлиб, мураббийлар штаби учун футболчиларнинг жисмоний ва тактик ҳолатини юқори савиядаги рақибга қарши баҳолаш имконини беради.
Эътиборлиси, Жанубий Корея Осиё қитъасининг етакчи жамоаларидан бири саналади. Шу боис, ушбу учрашув ҳар икки терма жамоа учун ҳам муҳим тайёргарлик баҳси сифатида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА