Ўзбекистон-Татаристон: ҳамкорликнинг янги босқичи
Бухоро вилоятида халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш ва янги саноат лойиҳаларини амалга ошириш борасида муҳим ташрифлар давом этмоқда. Ана шундай аҳамиятли учрашувлардан бири сифатида Татаристон Республикаси Раиси Рустам Миннихановнинг амалий ташрифи алоҳида эътиборга молик бўлди.
Меҳмонни Бухоро халқаро аэропортида вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда бошқа расмийлар кутиб олди. Ташриф дастури доирасида меҳмонлар Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилди. Шунингдек, меҳмонларга ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг ҳаёти ва фаолияти, ислом цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси, шунингдек, “Кўнглинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин” деган ҳаётий ғоянинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мажмуада Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари, зиёратчилар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Шундан сўнг Рустам Минниханов Бухорода барпо этилаётган “Бухоро саноатни ривожлантириш мажмуаси” махсус саноат парки фаолияти билан ҳам танишди. У ерда мутасаддилар томонидан парк ҳудудида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар юзасидан тақдимот ўтказилди.

Қайд этилганидек, махсус саноат паркида дастлабки босқич қурилиш ишлари тўлиқ якунланган бўлиб, ҳудуд зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланган. Бу эса янги инвестиция лойиҳаларини жадал амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Айни пайтда мазкур ҳудудда “Silk Road Innovation Group” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхона томонидан “AQUATON” инновацион гидроизоляцион полотно ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Умумий қиймати 2,4 миллион АҚШ долларига тенг ушбу лойиҳа хитойлик инвестор Юра Занг иштирокида амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг дастлабки босқичида 35 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Хитойнинг “Zhejiang Leapmotor Technology Co., Ltd.” компанияси томонидан қиймати 350 миллион доллар бўлган электр ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича ҳам амалий ишлар бошланган. Лойиҳа доирасида автомобиль бутловчи қисмларини босқичма-босқич маҳаллийлаштириш кўзда тутилган. Жумладан, бамперлар, ўриндиқлар, ойналар, эшик қопламалари, шиналар, орқа кўриниш кўзгулари, симлар жамланмаси, аккумуляторлар, асбоблар панели, ёритиш ускуналари ва бошқа қатор автокомпонентларни маҳаллий ишлаб чиқариш ташкил этилади.

Лойиҳага мувофиқ, Бухоро вилоятини Марказий Осиёдаги автомобилсозлик ва логистика марказларидан бирига айлантириш мақсад қилинган. Бу эса келгусида нафақат ички бозор талабини қондириш, балки қўшни давлатлар бозорига чиқиш имкониятларини ҳам кенгайтиради.

Режаларга кўра, мазкур лойиҳа доирасида 2026 йилда 200 та, 2028 йилда 1 000 та, 2031 йилга бориб эса 3 000 та янги иш ўринлари яратилади.

Ташриф давомида ҳудуднинг саноат ва экспорт салоҳиятини юксалтириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, шунингдек, ҳудудлараро савдо-иқтисодий алоқаларни янада фаоллаштириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Рустам Миннихановнинг Бухорога ташрифи икки томонлама манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш ва Бухорони йирик саноат марказига айлантириш йўлида муҳим қадам бўлди. Бундай ташрифлар ҳудуд иқтисодиёти ривожи, янги иш ўринлари яратилиши ва халқаро алоқалар кенгайишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Шу билан Татаристон Республикаси Раисининг Бухорога амалий ташрифи якунланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.