Ўзбекистон тарихий халқаро молиявий форумга мезбонлик қилади
2026 йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳрида Халқаро тараққиёт ассоциацияси (IDA)нинг глобал йиғилиши ўтказилади. Ушбу нуфузли тадбир Жаҳон банки ҳамда Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда ташкил этилади.
Жаҳон банки таркибига кирувчи ушбу молиявий тузилма дунёнинг 78 та ривожланаётган мамлакатига молиявий кўмак кўрсатиб келмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида “Халқаро тараққиёт ассоциациясининг глобал камбағалликни қисқартиришдаги роли ва унинг Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлиги” мавзусида юқори даражада ўтказилган давра суҳбати ҳамда оммавий ахборот воситалари учун брифингда бу ҳақда маълумот берилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, Жаҳон банкининг тараққиётни молиялаштириш масалалари бўйича вице-президенти Акихико Нишио ва бошқалар томонлар ўртасидаги ҳамкорлик иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Шунингдек, мазкур глобал учрашув Марказий Осиёда илк бор айнан Ўзбекистонда ўтказилиши қайд этилди.
Маълум қилинишича, 1960 йилда ташкил этилган Халқаро тараққиёт ассоциацияси Жаҳон банкининг даромад даражаси паст бўлган мамлакатлар учун мўлжалланган молиявий тузилмаси ҳисобланади. У таълим, соғлиқни сақлаш ва ичимлик суви таъминоти хизматларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалигига инвестициялар жалб этиш, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш, иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни ривожлантириш каби йўналишларда тараққиётни қўллаб-қувватлайди.

Ассоциациянинг молиявий ресурслари ҳар уч йилда бир марта тўлдириб борилади. ХТА ресурсларини тўлдиришнинг 21-цикли – IDA-21 дастури 2024 йил декабрь ойида якунланган. Натижада 2026-2028 йиллар учун рекорд даражадаги 100 миллиард АҚШ доллари миқдорида молиялаштириш пакети шакллантирилди. IDA-21 доирасида 78 та мамлакатда қарийб 1,9 миллиард аҳолининг ижтимоий-иқтисодий мақсадларига эришишига кўмак кўрсатиш режалаштирилган.
Иқтисодиёт ва молия вазири матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшана Умарованинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг Халқаро тараққиёт ассоциацияси билан ҳамкорлиги қарийб 35 йиллик тарихга эга.
– Мамлакатимиз 1992 йилда Жаҳон банки тузилмаларига аъзо бўлганидан буён бундай алоқалар изчил давом этиб келмоқда. 2017 йилдан бошлаб эса икки томонлама шериклик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бугунги кунда Халқаро тараққиёт ассоциацияси мамлакатимизнинг тараққиёт соҳасидаги энг йирик халқаро ҳамкорига айланган. Хусусан, Ўзбекистон дунё бўйича IDA нинг энг йирик 10 та мижоз мамлакатлари қаторига киради. Айни пайтда Жаҳон банки кўмагида ҳукумат томонидан иқтисодиётнинг турли тармоқларида умумий қиймати қарийб 5,5 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 25 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу маблағларнинг 60 фоиздан ортиғи IDA грантлари ва имтиёзли кредитлари ҳиссасига тўғри келади, – деди Р.Умарова.

Ўзбекистоннинг мезбон мамлакат сифатида танланишида сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар муҳим омил бўлгани таъкидланди. Бу ислоҳотлар халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорликнинг юқори даражада ривожлангани ҳам мазкур қарорга таъсир кўрсатган. Ҳозирги кунда мамлакат IDA молиялаштиришини жалб қилиш ҳажми бўйича Европа ва Марказий Осиё минтақасида иккинчи ўринда туради.
Брифингда маълум қилинганидек, бўлиб ўтадиган мазкур глобал учрашув доирасида донор мамлакатлар ва IDA маблағларидан фойдаланувчи давлатларнинг юқори мартабали вакиллари Жаҳон банки раҳбарияти билан биргаликда IDA-21 дастури ижросининг оралиқ натижаларини муҳокама қилади. Шу билан бирга, 2028-2031 йилларга мўлжалланган IDA-22 босқичига оид дастлабки муҳокамаларга кенг йўл очади.
Шунингдек, ушбу халқаро йиғилишда мезбон Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ўсиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича тажрибаси кенг намойиш этилади. Шунингдек, IDA иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар натижалари ҳам халқаро ҳамжамиятга тақдим этилиши кутилмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА