Ўзбекистон стартаплари халқаро бозорга чиқишда янги имкониятларга эга бўлади
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов 500 Global компаниясининг бошқарув ҳамкори Педро Сантос Виейра билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистонда стартап экотизимини янада ривожлантириш, венчур инвестициялар ҳажмини ошириш, маҳаллий стартапларни халқаро бозорларга олиб чиқиш ҳамда соҳадаги мавжуд ташаббусларни ўзаро мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда 500 Global вакиллари Ўзбекистон бозоридаги тажрибалари ҳақида маълумот берди. Қайд этилганидек, компания 2021–2022 йиллардан буён мамлакатдаги технологик компаниялар ва стартапларга инвестиция киритиб келмоқда. Шу давр мобайнида Ўзбекистонлик асосчилар томонидан ташкил этилган қатор компаниялар, шунингдек, мамлакатда фаолият юритаётган хорижий асосчилар стартапларига ҳам инвестициялар йўналтирилган.

500 Global томони Ўзбекистондаги стартапларни халқаро инвестиция бозорига тайёрлаш, маҳаллий компанияларни хорижий инвесторлар билан боғлаш ва уларнинг янги бозорларга чиқишига кўмаклашишга қаратилган дастурларни амалга оширишга қизиқиш билдирди.
Компания вакиллари Марказий Осиё учун мўлжалланган узоқ муддатли стратегия доирасида стартапларни ривожлантиришнинг турли босқичларида фаол иштирок этишни режалаштираётганини маълум қилди.
Учрашувда, шунингдек, венчур фондлар фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, инвестиция капитали ҳаракатини соддалаштириш ва халқаро фондларнинг Ўзбекистондаги фаолиятини янада самарали ташкил этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Айниқса, сунъий интеллект соҳасидаги истиқболли стартапларни қўллаб-қувватлаш, уларни ривожлантириш ва инвестиция жалб этишга тайёрлаш бўйича мавжуд имкониятларни бирлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида Ўзбекистонда стартап экотизимини тизимли ривожлантириш, венчур инвестициялар учун янада қулай муҳит яратиш ва маҳаллий технологик компанияларни халқаро бозорларга олиб чиқиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА