Ўзбекистон сайёҳлар оқими энг тез ўсиб бораётган ТОП-5 давлат қаторига кирди
БМТ Туризм ташкилотининг (World Tourism Barometer) сўнгги таҳлилий маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2026 йилнинг январь–март ойларида хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича дунёда энг юқори ўсиш қайд этилган ТОП-5 давлат қаторига кирди.
Ҳисоботда қайд этилишича, мамлакатга ташриф буюрган халқаро туристлар сони 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 37 фоизга ошган. Бу эса Ўзбекистоннинг жаҳон туризм бозоридаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
2026 йилнинг биринчи чорагида жаҳон бўйича халқаро саёҳатлар ҳажми ўртача 2 фоизга ўсиб, 307 миллион сайёҳни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 миллион нафарга кўпдир.
Глобал ўсиш суръатлари фонида Ўзбекистон туризм соҳасида янада юқори натижаларни намоён этмоқда. Хусусан, 2025 йилда мамлакатга қарийб 11,7 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки беш ойида бу кўрсаткич 5,3 миллиондан ошди.
Мутахассислар сайёҳлар оқимининг ортишига визасиз ва енгиллаштирилган виза режимларининг кенгайиши, транспорт қатновларининг яхшиланиши ҳамда халқаро миқёсда олиб борилаётган тарғибот ишлари сабаб бўлаётганини таъкидламоқда. Шунингдек, янги меҳмонхоналар, туроператорлар ва туризм соҳаси мутахассислари сонининг кўпайиши мамлакат туризм инфратузилмасини янада мустаҳкамламоқда.
Ўзбекистоннинг хавфсиз ва нисбатан арзон сайёҳлик йўналиши сифатида эътироф этилиши ҳам хорижлик меҳмонларни жалб этаётган муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Кўплаб сайёҳлар учун мамлакат бой тарихий мероси, миллий маданияти ва қулай саёҳат шароитлари билан ажралиб туради.
Бугунги кунда Самарқанд, Бухоро ва Хива каби машҳур тарихий шаҳарлар билан бир қаторда экологик ва гастрономик туризм йўналишлари ҳам сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу эса мамлакат туризм маҳсулотларининг тобора хилма-хиллашиб бораётганини англатади.
Узоқ хориж давлатларидан келаётган туристлар сонининг ортиши Ўзбекистоннинг нафақат минтақавий, балки глобал туризм харитасида ҳам муҳим ўрин эгаллаб бораётганини кўрсатмоқда. Мутахассислар мазкур натижалар мамлакат туризм соҳасининг келгуси йилларда ҳам барқарор ўсиши учун мустаҳкам замин яратаётганини таъкидламоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА