Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Самарқанд вилоятида аграр соҳада амалга оширилаётган ишлар билан танишди
Жумладан, Самарқанд туманида “Samarqand Group” МЧЖ томонидан 70 сотих майдонда барпо этилган банан плантациясида тропик экинларни иссиқхона шароитида маҳаллий иқлимга мослаштириш бўйича илғор агротехнологиялар кўздан кечирилди.
Мазкур иссиқхонада маҳаллий иқлимга мослаштирилган бананнинг “Қироллик” (“Королевский”) нави парваришланмоқда. Замонавий парвариш тизими, ҳарорат ва намликни автоматик бошқариш, ўсимликларни озиқлантиришнинг илмий асосланган усуллари ҳосилдорликнинг юқори бўлишини таъминламоқда.

И.Абдураҳмонов плантацияни кўздан кечириш жараёнида иссиқхона хўжалигини кенгайтириш, ресурс тежамкор технологияларни қўллаш, шунингдек, ўсимликларни озиқлантиришда органик ўғитлардан самарали фойдаланиш юзасидан тавсиялар берди. Бундай инновацион лойиҳалар импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар етиштириш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

И.Абдураҳмонов вилоят масъуллари, фермер ва тадбиркорлар, илмий-тадқиқот институтлари вакиллари иштирокида қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш ҳамда замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш юзасидан амалий семинар ўтказди.

Тадбирда қишлоқ хўжалигида илмий ёндашувларни кучайтириш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда ресурслардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Айниқса, пахта ва ғалла етиштиришда диверсификация, замонавий экиш технологияларини жорий этиш, уруғчилик тизимидаги янгиликлар ҳамда картошкачилик йўналишини ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Биоўғитлар, органик агротехнологиялар, сув тежовчи усулларни кенг жорий этиш, тупроқ унумдорлигини оширишга қаратилган инновацион ечимларнинг амалий аҳамияти таъкидланди.
Мутахассислар томонидан фермерларга агротехник тадбирларни илмий асосда ташкил этиш, ҳосилдорликни ошириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтириш бўйича тавсиялар берилди.
Тадбир якунида сайёр қабул ташкил этилиб, фермерларнинг таклиф ва мурожаатлари тингланди. Айрим масалалар жойида ҳал қилинди, муаммолар юзасидан масъулларга топшириқлар, зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири