Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
2026 йилнинг 7 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Ўн саккизинчи ялпи мажлиснинг биринчи иш кунини сенаторлар “Бозор назорати тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилишдан бошлади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, ички бозорда муомалага чиқарилаётган маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун адолатли ва шаффоф рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, амалда бозорда инсон ҳаёти, соғлиғи, мол-мулки ҳамда атроф-муҳит учун хавф туғдириши мумкин бўлган ноозиқ-овқат маҳсулотларини аниқлаш, уларни муомаладан чиқариш ва ваколатли давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш билан боғлиқ муносабатларни ягона ҳуқуқий асосда тартибга солувчи алоҳида қонун мавжуд эмаслиги қайд этилди.
Қонун билан бозор назорати соҳасида ягона ҳуқуқий механизм жорий этилмоқда. Жумладан, бозор назоратини амалга оширишнинг асосий принциплари, ваколатли давлат органлари ҳамда иқтисодий операторларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бозор назорати тадбирларини ўтказиш тартиби ҳамда таъсир чораларини қўллашнинг аниқ ҳуқуқий асослари белгиланмоқда.
Шунингдек, қонун билан бозор назоратини хавф-хатарларни баҳолаш асосида ташкил этиш, назорат харидларини амалга ошириш, маҳсулотларни лаборатория синовларидан ўтказиш, хавфли маҳсулотларни муомаладан чиқариш ва чақириб олиш ҳамда истеъмолчиларни тезкор хабардор қилиш механизмлари жорий этилмоқда.
Айниқса, иқтисодий операторларнинг ҳуқуқлари кафолатланиб, уларга бозор назорати тадбирларида иштирок этиш, назорат материаллари билан танишиш, аудио ва видеоёзувларни амалга ошириш, шунингдек, ваколатли органлар қарорлари устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқи берилаётгани тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилиши таъкидланди.
Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши ички бозорда фақат хавфсиз ва белгиланган талабларга жавоб берадиган маҳсулотлар муомалада бўлишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш, давлат назоратининг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш, ҳалол тадбиркорлик муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатимизда бозор назоратининг замонавий ва самарали тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шунингдек, ялпи мажлисда “Маҳсулотларнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
[gallery-30781]
Бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида глобаллашув жараёнлари, электрон тижоратнинг жадал ривожланиши, трансчегаравий савдонинг кенгайиши ҳамда маҳсулотлар турларининг ортиши маҳсулотлар хавфсизлиги соҳасида мутлақо янги ёндашувларни талаб қилмоқда.
Ушбу қонун мамлакатимизда техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган.
Қонун Жаҳон савдо ташкилотининг Савдодаги техник тўсиқлар тўғрисидаги битими ҳамда халқаро илғор амалиёт талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Бозорга чиқариладиган барча маҳсулотлар хавфсиз бўлиши шарт. Ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва иқтисодий операторлар маҳсулотнинг хавфсизлиги учун бевосита масъул ҳисобланади.
Шунингдек, иқтисодий операторларга маҳсулот хавфини баҳолаш, техник ҳужжатларни юритиш, маҳсулотни идентификация қилиш, истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларни ҳисобга олиш ҳамда хавфли маҳсулотларни бозордан қайтариб олиш бўйича аниқ мажбуриятлар юклатилмоқда.
Қонун билан бозор назоратининг хавфларга асосланган янги механизми жорий этилиб, хавфли маҳсулотларни тезкор аниқлаш ва уларни муомаладан чиқариш бўйича миллий ахборот алмашуви тизими ташкил этилади.
Сенаторларнинг фикрича, қонун аҳоли ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, мамлакатимиз техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, ички бозорга киритилаётган маҳсулотлар хавфсизлигини кафолатлаш, истеъмолчиларни хавфли маҳсулотлардан ҳимоя қилиш ва уларнинг бозорга бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий асос яратилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шундан сўнг “Ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) ва улар оила аъзоларининг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хизматни муносиб рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур қонун ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзоларининг давлат пенсия таъминотини миллий қонунчилик асосида комплекс тартибга солишга хизмат қилади.
Муҳокамада қайд этилганидек, шу вақтга қадар мазкур соҳадаги муносабатлар асосан собиқ Иттифоқ даврида қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда айрим халқаро келишувлар асосида тартибга солиб келинган. Янги қонун эса мазкур муносабатларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва миллий қонунчилиги талаблари асосида ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлайди.
Биринчи марта давлат пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлган шахслар доираси, хизмат йиллари учун пенсия, ногиронлик пенсияси ва боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлаш шартлари, уларни ҳисоблаш, қайта ҳисоблаш ва тўлаш тартиби ягона қонун даражасида белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, узоқ йиллар давомида ҳалол хизмат қилган ҳарбий хизматчиларни ижтимоий рағбатлантиришга қаратилган муҳим янгиликлар назарда тутилган. Хусусан, календарь ҳисобида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган шахслар учун пенсияни ҳисоблашнинг энг юқори миқдори 75 фоиздан 100 фоизгача оширилмоқда.
Муҳими, мазкур ижтимоий кафолатлар фақат келгусида пенсияга чиқадиган ҳарбий хизматчиларга эмас, балки бугунги кунда пенсия олаётган, календарь ҳисобида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбий хизматчилар, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига ҳам татбиқ этилади.
Қонунда Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилган инсонларнинг оилаларини ижтимоий муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиб, ҳарбий хизматчи хизматни ўташ даврида ҳалок бўлган ёки хизмат даврида олган жароҳати ёки касаллиги оқибатида вафот этган ҳолларда унинг оила аъзоларининг давлат томонидан пенсия билан таъминланишига оид кафолатлар мустаҳкамланмоқда.
Таъкидланганидек, мазкур қонун ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, уларнинг хизматини муносиб қадрлаш ҳамда оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Ялпи мажлисда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига пенсия тайинлаш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Охирги йилларда мамлакатимизда пенсия тайинлаш тартибини соддалаштириш, соҳани рақамлаштириш орқали ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, пенсия таъминоти тизимида давлат хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қонун ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсия соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини янада мустаҳкамлаш мақсадларини назарда тутади.
Қонун билан фуқарога I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланиши муносабати билан ногиронлик пенсиясини проактив шаклда тайинлаш ҳамда пенсия тайинланганидан кейин камида бир йил иш стажига эга бўлса, ушбу пенсия турини ҳар икки йилда бир маротаба фуқаронинг мурожаатини талаб этмаган ҳолда проактив шаклда қайта ҳисоблаб чиқиш тартиби жорий этилмоқда.
Шунингдек, пенсиядан чегирма қилинганидан сўнг фуқарога тўланадиган пенсия миқдори энг кам истеъмол харажатлари миқдоридан кам бўлмаслиги белгиланмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, қонун фуқароларга ногиронлик пенсиясини тайинлаш тартибини соддалаштиришга ва уларга ушбу соҳада кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Сенатнинг 18-ялпи мажлисида “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда республикамизда суғурта хизматлари ва кредит-молия масалалари бўйича истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли, шу жумладан, тадбиркорлар учун қўшимча енгилликлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга аҳолининг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суғуртага оид саводхонлигини мустаҳкамлаш учун оммавий ахборот воситалари орқали кенг қамровли тарғибот ишларини йўлга қўйиш, кредит маҳсулотлари рекламасида ўз тўлов қобилиятини тўғри баҳолай олмаслик ва қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларни юзага келтириши мумкинлиги тўғрисида истеъмолчилар учун огоҳлантириш берилишини таъминлаш зарурати ҳам юзага келмоқда.
Қонун билан суғурта саводхонлигини оширишга қаратилган ахборот ҳам ижтимоий ахборот таркибига кириши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, соҳалардаги ваколатли органлар ҳам ижтимоий ахборотнинг реклама берувчилари жумласига киритилиб, молиявий хизматлар рекламасида мазкур хизматлардан фойдаланиш ва қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларни юзага келтириши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантириш мавжуд бўлиши кераклигини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, қонун аҳолида суғурта хизматларига бўлган ишонч даражасини оширишга ҳамда кредит билан боғлиқ молиявий хатарлар тўғрисида аҳолининг, шу жумладан, тадбиркорларнинг хабардорлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шунингдек, Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Конституцияда мамлакатимизда миллий ва умуминсоний қадриятлар, давлатчилигимиз ривожининг тарихий тажрибасига таянган ҳолда давлат ҳокимияти ва бошқарувининг самарали тизими яратилган. Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти асослари алоҳида бобларда батафсил баён этилган.
Конституциянинг ХIХ боби Ўзбекистон Республикаси Президентига оид бўлиб, унда Президент давлат бошлиғи мақомида давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлаши, шунингдек, унинг мамлакат бошқаруви ва тараққиётини таъминлашдаги муҳим ваколатлари мустаҳкамланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий, таҳлилий жиҳатдан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини шакллантириши, Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, фаолиятини ташкил этиш тартиби ва ваколатлари қонун билан белгиланиши назарда тутилган.
Мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, Президент Администрациясининг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни, ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий йўналишларини конституциявий қонун даражасида белгилашга қаратилган.
Қонунда Администрациянинг мақоми, фаолиятининг асосий принциплари, таркибий тузилиши ва фаолиятини ташкил этиш тартиби, унинг давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлари билан ўзаро алоқалари, Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари фаолиятининг кафолатлари аниқ белгилаб берилмоқда.
Бундан ташқари, Администрациянинг давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлиги ҳамда алоқалари ҳуқуқий тартибга солинмоқда.
Қонунни тайёрлаш жараёнида бир қатор хорижий давлатлар, хусусан, АҚШ, Финляндия, Чехия, Словакия, Руминия, Латвия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар тажрибалари ўрганилган ҳамда таҳлил қилинган.
Қонунни маъқуллаш жараёнлари Сенатнинг расмий интернет платформалари орқали тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилди ва сенаторлар томонидан кенг муҳокама қилинди.
Сенаторларнинг фикрича, Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши Президент фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга, давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамда бошқарув жараёнларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати