18 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Ўн иккинчи ялпи мажлиснинг биринчи иш кунини сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонунни муҳокама қилишдан бошлади.
Сўзга чиққанлар мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юксалтириш, шу жумладан, аҳолининг ҳаёти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, халқ турмуш фаровонлигини ошириш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт ҳамда бошқа соҳаларни ривожлантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтди.
Жорий йилда ҳудудларда долзарб ижтимоий муаммоларни, маҳалла инфратузилмаси билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал этиш ҳамда бошқа соҳаларни ривожлантириш юзасидан Президентнинг қатор фармон ва қарорлари қабул қилинган.
Амалга оширилаётган тадбирларнинг ўз вақтида молиялаштирилишини таъминлаш ва қўшимча харажатлар манбаларини аниқлаш зарурати юзага келгани қайд этилди.
Ушбу қонун билан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасидаги тадбирларни молиялаштириш ҳамда кўп квартирали уйларда ва ижтимоий соҳа муассасаларида энергия самарадорлигини яхшилаш билан боғлиқ тадбирлар учун қўшимча маблағ ажратилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, бюджет маблағларининг мақсадли, самарали сарфланишини ошириш, бюджет интизомини мустаҳкамлаш доирасида маблағларнинг бир қисмини мақбуллаштириш ва уларни қўшимча харажатларга йўналтириш назарда тутилмоқда.
Сенаторлар 2025 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга киритилаётган ўзгартишлар мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни ўз вақтида молиялаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шундан сўнг “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мазкур қонуннинг мақсади 2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Сенаторлар таъкидлаганидек, 2026 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, халқ фаровонлигини юксалтириш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, фуқароларнинг соғлиқни сақлаш тизими билан қамровини кенгайтириш ва сифатли таълимга эга бўлиш каби ижтимоий соҳа мақсадларига устуворлик берилган.
Жумладан, Давлат бюджети харажатларининг қарийб 55 фоизи ёки 220,0 триллион сўми ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Давлат бюджети харажатлари таркибида таълим соҳаси учун 100 триллион сўм назарда тутилган, тиббиёт соҳасига эса 49 триллион сўм ёки жорий йилга нисбатан 11,4 фоизга оширилмоқда.
Қонунга асосан келгуси йилда инфляция даражаси 7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
2026 йилда Давлат бюджети харажатлари 402,6 триллион сўмни, даромадлари эса 368,9 триллион сўмни ташкил этмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари эса 78,6 триллион сўм, харажатлари 74,4 триллион сўм (бюджетлараро трансфертлар ҳисобга олинмаган ҳолда) миқдорида режалаштирилмоқда.
Хусусан, мазкур қонунда 2026 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 515,8 триллион сўм, харажатлар эса 567,6 триллион сўм миқдорида шакллантирилган. Бунда консолидациялашган бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги вазифаси назарда тутилган.
Муҳокама жараёнида сенаторлар бюджет даромадларини ошириш ва бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратди.
Сенаторлар ўз чиқишларида 2026 йилда макроиқтисодий сиёсат соҳасида устувор этиб белгилаган вазифаларни бажариш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш ва давлат дастурларида назарда тутилган бошқа муҳим тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини қайд этди
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Ялпи мажлисда “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2026 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, шу жумладан, амалдаги қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш, Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
2026 йилда ҳам солиқ сиёсатида асосий солиқ ставкалари қўшилган қиймат солиғи 12 фоиз, фойда солиғининг базавий ставкаси – 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи – 12 фоиз, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси – 1,5 фоиз, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ер солиғи – 0,95 фоиз, ижтимоий солиқ – 12 фоиз(бюджет ташкилотлари – 25 фоиз), айланмадан олинадиган солиқ – 4 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолмоқда.
Бундан ташқари, Солиқ кодексида қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз занжирини яратиш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, мазкур қонун мебелсозлик ва заргарлик соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳсулотларнинг экспортини кенгайтириш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга ҳам йўналтирилган.
Қайд этилганидек, қонун амалиётга татбиқ этилиши натижасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга имкон берадиган солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича тегишли ҳуқуқий муносабатлар тартибга солиниши назарда тутилмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда микрофирма ва кичик корхоналарга солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун жарима миқдори пасайтирилиб, охирги уч ой ичида солиқ ҳисоботлари ўз вақтида тақдим этиб келган солиқ тўловчиларга кейинги ҳисоботни 5 иш кунигача кечиктирган тақдирда маъмурий жарима қўлланилмаслиги белгиланмоқда.
Бундан ташқари, бир календарь ойда бир нечта солиқ турлари бўйича ҳисоботлар ўз вақтида тақдим этилмаган тақдирда, барча ҳисоботлар учун фақат битта жарима қўллаш механизми жорий этилмоқда.
Сенат аъзолари ўз чиқишларида иқтисодиётнинг турли соҳа
ва тармоқларига, жумладан, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, маҳаллий саноат, озиқ-овқат, медиа ва алоқа каби соҳаларига бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари берилаётганлигини таъкидлади.
Шунингдек, мазкур қонун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун белгиланган ставкага нисбатан 0,5 дан 1,2 гача бўлган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни ҳамда лазерли текислаш лозим бўлган суғориладиган ерлар лазерли текисланмаган тақдирда, ушбу ерлар учун фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича солиқ ставкаларига нисбатан 1,2 гача оширувчи коэффициент қўллаш ваколатини бермоқда.
Сенаторлар ушбу қонун тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама рағбатлантиришини, тенг ва адолатли рақобат муҳитини таъминлашини, маъмурий жарималар юкини енгиллаштириши ҳамда яширин иқтисодиётнинг улушини қисқартиришга қаратилганини таъкидлади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Парламент юқори палатаси аъзолари “Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни муҳокама этди.
Муҳокама мобайнида фуқароларни бюджет жараёнига жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш орқали бюджет маблағларини тақсимлашда шаффофликни таъминлаш, уларнинг мақсадли сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганлиги қайд этилди. Бундан ташқари, қонунда бюджет маблағларидан фойдаланишда раҳбарларнинг ваколатларини кенгайтириш ҳамда молиявий мустақиллигини таъминлаш ҳам назарда тутилмоқда.
Таъкидлаганидек, мазкур қонун асосида бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида ҳисобот турлари кенгаймоқда. Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот таркибига бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ижроси ҳамда давлат қарзи тўғрисидаги ҳисоботлар киритилмоқда.
Қонун билан амалдаги қонунчиликка бюджет жараёнини такомиллаштиришга, бюджет интизомига риоя этилишига доир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
[gallery-26806]
Туман ва шаҳарлар ҳокимликлари зиммасига ҳар чоракда жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш бўйича маълумотларни расмий веб-сайтларига ҳамда “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштириш мажбурияти юкланмоқда.
Шу билан бирга, бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ мақсадли индикаторларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни Қонунчилик палатаси қўмиталарида ҳар чорак якунида эшитиб бориш амалиёти жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджет ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот ҳамда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ярим йиллик ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Қонунчилик палатасининг қарори билан тасдиқланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг биринчи чорак ва 9 ойлик ҳисоботлари эса Қонунчилик палатасининг масъул қўмитаси қарори асосида қабул қилиниши назарда тутилмоқда.
Ўз навбатида, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан харажатлар сметасига йилига кўпи билан тўрт марта ўзгартириш киритиш амалиётига чек қўйилмоқда.
Сенаторлар ушбу қонун мамлакатимизда фуқароларни бюджет жараёнига кенг жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш, бюджет маблағларини тақсимлашда шаффофликни таъминлаш, маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шунингдек, 12-ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга ҳамда қўшилган қиймати юқори бўлган товарлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда солиқ юкини изчил пасайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шунингдек, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш орқали иқтисодиётни жадал ривожлантиришга ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда.
Муҳокама давомида сенаторлар тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бозорда тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш зарурлигига алоҳида урғу берди. Бундан ташқари, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш чора-тадбирлари доирасида қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш зарурати юзага келаётгани қайд этилди.
Бугунги кунда республикада фаолият кўрсатмаётган якка тартибдаги тадбиркорлар жами тадбиркорлар таркибида ҳисобга олиниши иқтисодий ва статистик кўрсаткичларнинг нотўғри шаклланишига олиб келмоқда. Бундан ташқари, бу улар томонидан тўланадиган солиқлар бўйича прогноз кўрсаткичларини белгилаш ва тушумларни таъминлашда салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мазкур қонун билан якка тартибдаги тадбиркорларни давлат реестридан чиқариш тартибини белгилаш иқтисодий ва статистик кўрсаткичларнинг тўғри шаклланишига олиб келади.
Сенаторлар қонун молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини соддалаштиришга хизмат қилиши ҳақида фикр билдирди. Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликка киритилаётган тузатишлар натижасида ишлаб чиқариш юқори технологиялар асосида ривожланиши ҳамда яйлов хўжаликларининг молиявий аҳволи яхшиланишига эътибор қаратди.
Сенаторлар мазкур қонунни маъқуллади.
Ялпи мажлисда “Ҳуқуқий эксперимент тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда янги тартиб-таомилларни ҳаётга жорий этишдан олдин уларни чекланган ҳолда (муайян ҳудудда ёки шахслар, ташкилотлар доирасида) ҳуқуқий эксперимент (тажриба-синов) тарзида қўллаш амалиёти кенгайиб бормоқда.
Ҳуқуқий эксперимент тушунчаси, уни ўтказиш ва натижаларини расмийлаштириш масалалари “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунда белгиланган, лекин уни ўтказиш билан боғлиқ ижтимоий-ҳуқуқий муносабатлар комплекс тартибга солинмаган.
Ушбу қонун қатор ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, унда ҳуқуқий экспериментнинг мақсади, асосий тушунчалар, принциплар, ваколатли органлар, ҳуқуқий экспериментни ўтказиш шартлари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий экспериментда иштирок этиши ва бошқа масалалар назарда тутилмоқда.
Ҳуқуқий эксперимент фақатгина Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Президент фармонлари ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ўтказилиши аниқ белгиланмоқда.
Сенаторлар ушбу қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳуқуқий экспериментни ташкил этиш ва ўтказиш, экспериментал ҳуқуқий нормаларни жорий этиш бўйича ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш ҳамда жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда фуқароларнинг ҳаёти ва фаровонлигини яхшилашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама этилди.
Қайд этиш лозимки, бугунги кунда жаҳонда технология ривожланиши билан турли электрон ускуналар, жумладан, портатив лазерли нур тарқатгичлар ҳам кенг оммалашмоқда. Бу қурилмалар арзон, осон етиб бориладиган ва кўп ҳолларда кўнгилочар ёки таълим мақсадларида ишлатилади.
Бироқ улардан ноқонуний ёки номувофиқ фойдаланилиши жамоат хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши мумкин.
Хусусан, самолётларнинг учиши ёки қўниши пайтида уларнинг экипажига лазер нурларини йўналтирилиши қўниш ёки парвоз жараёнида экипаж диққатини чалғитиб, ҳалокат хавфини оширади.
Бундан ташқари, жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига лазер нурлари йўналтирилиши натижасида кўзнинг вақтинча кўрмай қолишига, бу эса содир бўлиши мумкин бўлган тартибсизликларнинг олдини олишда салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Кўпгина хорижий давлатларда лазер қурилмаларининг фойдаланишини чекловчи ва назорат қилувчи қонунлар қабул қилинган.
Мамлакатимизда ҳам жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу турдаги қурилмаларни назорат қилиш, уларни лицензиялаш ва ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини жазолаш бўйича чоралар қаторида мазкур қонун қабул қилинмоқда.
Қонун билан амалдаги қонунчиликка маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларининг ҳамда таянч пунктларининг таркибини, уларда хизмат қилувчи инспекторларнинг ваколатларини аниқлаштиришга, патруль-пост хизмати саф бўлинмаларининг мансабдор шахслари томонидан тузилган маъмурий баённомаларни кўриб чиқиш ҳамда жазо чорасини қўллаш ваколатига эга шахсларни аниқлашга, шунингдек, портатив лазерли нур тарқатгичларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик белгилашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенат аъзоларининг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш ишлари самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шундан сўнг “Ҳакамлик судлари фаолияти янада такомиллаштирилиши ҳамда бюджет интизоми кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш ва судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ҳакамлик судлари низоларни муқобил ҳал этиш механизми сифатида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. Бироқ таҳлиллар ушбу судлар фаолиятида қатор тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатган.
Хусусан, 2021-2023 йилларда айрим ҳудудларда ҳакамлик судлари томонидан давлат органлари иштирок этган ишлар бўйича қабул қилинган 47 та қарор ваколатли суднинг ижро варақаси берилмасдан тўғридан-тўғри ижро этилган. 2019-2023 йилларда эса Давлат бюджетидан 222,2 миллиард сўмни ундириш ҳақида 870 та ноқонуний қарор қабул қилинган.
Айрим ҳакамлик суд судьяларининг малакаси етарли эмаслиги, судлар фаолиятини ташкил этишдаги талабларнинг қайта кўриб чиқилмаганлиги, назорат механизмларининг йўқлиги ушбу муаммоларга олиб келаётганлиги қайд этилди.
Ҳозирги вақтда 287 та ҳакамлик суди ва 1,5 мингдан ортиқ ҳакамлик судьялари фаолият юритади, уларнинг кўпчилиги турли соҳаларда асосий иш жойига эга бўлиб, профессионал тайёргарлик даражаси юқори эмас.
Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Бюджет, Фуқаролик процессуал ва Иқтисодий процессуал кодексларга, шунингдек, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги ва “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунларга муҳим ўзгартиришлар киритилмоқда.
[gallery-26807]
Жумладан, ҳакамлик судини ташкил этиш ҳамда судьялик вазифасини бажариш учун қўшимча талаблар белгиланмоқда, ҳакамлик судьяларининг билим ва кўникмаларини ошириш тартиби кенгайтирилмоқда, давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ҳакамлик битимларини тузганлик учун маъмурий жавобгарлик қўллаш назарда тутилмоқда.
Бюджет кодексига ғазначиликда рўйхатдан ўтказилмаган шартномалар асосида товар, иш ва хизматларни қабул қилиб олганлик ҳолати бюджет интизомини бузиш сифатида белгиланмоқда.
Таъкидлаганидек, қонуннинг қабул қилиниши ҳакамлик судлари фаолияти очиқлиги ва самарадорлигини оширади, Давлат бюджетидан ноқонуний чиқимларнинг олдини олади, адолатли қарорларни қабул қилишга хизмат қилади ҳамда давлат манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлайди.
Муҳокамадан сўнг сенаторлар қонунни маъқуллади.
Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қизғин муҳокама қилинди.
Муҳокама жараёнида мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя соҳасида, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва уларга қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Хусусан, сўнгги вақтларда ногиронлиги бўлган болаларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар доираси тобора кенгайиб бормоқда ҳамда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд айрим тоифалари ҳуқуқларининг кафолатлари кучайтирилмоқда.
Мазкур қонун билан ногиронлиги бўлган болаларга кўрсатиладиган кундузги парвариш хизматидан фойдаланадиган ота-она томонидан ҳар бир фарзанд учун тўланадиган ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлар солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритилиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик асосида уч ёшдан ўн саккиз ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун бундай хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари ҳам барча турдаги солиқларни 2030 йил 1 январга қадар тўлашдан озод қилиниши назарда тутилмоқда, ижтимоий солиқ бундан мустасно.
Шунингдек, жамоат транспортидан бепул фойдаланувчи фуқаролар тоифаси ҳам кенгаймоқда.
Сенаторлар ўз чиқишларида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлган хотин-қизларни йўлланма бўйича давлат ташкилотларига ишга жойлаштириш белгиланаётганини алоҳида таъкидлади.
Муҳокама жараёнида ушбу қонун ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламининг кенгайишига, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд айрим тоифаларига қўшимча қулайликлар яратилишига ҳамда уларнинг ишга жойлашишга доир ҳуқуқлари кафолатланишига хизмат қилиши қайд этилди.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Ялпи мажлисда “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Бугунги кунда бутун дунёда аҳоли ва саноатда электр энергиясига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонда иқтисодий тараққиёт, аҳоли сони ва турмуш фаровонлигининг ўсиши натижасида электр энергиясига бўлган эҳтиёж 2030 йилга келиб 120-125 миллиард кВт/соатга етади.
Мамлакатимизда Президентимиз мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга ва янгиларини ташкил этиш бўйича олиб бораётган фаол инвестиция сиёсати, шунингдек, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар йилдан-йилга эҳтиёж ортиб бораётган энергия ресурсларини ишончли манбалар билан таъминлашни талаб қилмоқда.
Атом энергетикасини ривожлантириш Ўзбекистоннинг барқарор энергетика тизимини яратиш, саноатни ривожлантириш ва минтақавий тараққиёт учун муҳим омилдир. Катта ва кичик реактор блокларининг уйғун фаолияти тармоқ барқарорлигини таъминлаб, қайта тикланувчи манбаларни самарали интеграциялаш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги қарорига мувофиқ Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги қайта ташкил этилиб, кенгайтирилган устувор йўналишлар, вазифа ҳамда функцияларга эга бўлган ва тўғридан-тўғри Вазирлар Маҳкамаси таркибига киритилган Атом энергияси агентлигининг фаолияти самарали ташкил этилди.
Мазкур қонун атом энергиясидан тинчлик мақсадларида самарали ва хавфсиз фойдаланиш, давлат органлари ваколатларини аниқлаштириш, соҳадаги ҳуқуқий базани халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Қонунда атом энергияси соҳасидаги ваколатли органи сифатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги белгилаб қўйилмоқда. Давлат органларининг ваколатлари ва жавобгарлиги ҳам мустаҳкамланмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши атом энергияси соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга, мамлакатимизда ядро хавфсизлиги ва радиация муҳофазасини таъминлашга ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мамлакатимизнинг ядро хавфсизлиги бўйича нуфузини оширишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати