Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
2026 йилнинг 18 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Ўн бешинчи ялпи мажлиснинг биринчи иш кунини сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига электрон тижорат соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилишдан бошлади.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш, электрон тижорат соҳасини ривожлантириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши электрон тижорат иштирокчилари учун электрон тижорат маконини яратишни, соҳада адолатли рақобат шароитини яратишни ҳамда электрон тижорат иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ҳамда “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунига электрон тижорат соҳасида тўловларни, трансчегаравий электрон тижоратни амалга оширишнинг, рақамли маҳсулотлар экспорти ва импортининг ўзига хос хусусиятларини белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, электрон тижорат операторларининг мажбуриятлари доирасида истеъмолчи олдида сотувчи жавобгар бўладиган ҳолатлар ёки сотувчи томонидан истеъмолчининг қонуний талабларини қондириш имконияти бўлмаган тақдирда, электрон тижорат операторининг истеъмолчи олдида субсидиар жавобгарлик меъёри белгиланмоқда.
Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, бунинг натижасида истеъмолчининг хавфсиз онлайн савдо хизматларидан кенг фойдаланиши таъминланади. Бундан ташқари, қонун нафақат электрон савдони тартибга солиш, балки электрон савдо бозорида шаффофликни ошириш, халқаро стандартларга мос ҳуқуқий база яратишга хизмат қилади.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу чора-тадбирларнинг татбиқ этилиши маҳаллий ва хорижий сотувчилар ўртасида адолатли рақобат шароитини таъминлашга, трансчегаравий электрон тижорат шиддат билан ривожланаётган даврда солиқ тушумлари йўқолишининг олдини олишга ҳамда маҳаллий электрон савдо платформаларини солиқ агентлари сифатида жалб этиш орқали солиқ тушумларини таъминлаш жараёнларини енгиллаштиришга қаратилган.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шунингдек, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича Битимига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасидаги миллий қонунчиликни Ташкилотнинг битимларида назарда тутилган қоидалар ва меъёрларга мувофиқлаштириш зарурати юзага келмоқда.
Қонун билан “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунда келтирилган асосий тушунчалар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро конвенция доирасида тасдиқланган фитосанитария атамалари луғатига мувофиқлаштирилмоқда.
Шунингдек, ўсимликлар карантини соҳасидаги маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ваколатлари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг ваколатлари кенгайтирилмоқда. Жумладан, фитосанитарияга оид хавфни таҳлил қилиш, фитосанитария назорати остида хавфларни бошқаришга асосланган танлаб олишнинг автоматлаштирилган механизми тартиб-таомилини тасдиқлаш, карантин остидаги материалларни фитосанитар зарарсизлантириш қоидаларини ва усулларини, ўсимликлар карантини соҳасидаги лаборатория текширувларининг услубларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, фитосанитар зарарсизлантириш бўйича фаолиятни лицензиялаш бўйича талабларни ва тартибни ишлаб чиқиш каби ваколатлари белгиланмоқда.
Шу билан бирга, “Давлат божи тўғрисида”ги ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга юридик шахсларга фитосанитар зарарсизлантириш бўйича фаолият учун чекланган муддатга лицензия берилиши ҳамда ушбу фаолият учун давлат божи белгиланиши, лицензиянинг номи ва унинг кичик турлари аниқлаштирилиши ҳамда мазкур фаолиятни амалга ошириш чоғида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори белгиланишига оид нормалар киритилмоқда.
Сенаторлар томонидан қонуннинг қабул қилиниши ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасидаги миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, фитосанитар зарарсизлантириш бўйича фаолиятни янада такомиллаштириш ҳамда маҳсулотларни халқаро савдода тўсиқсиз айланишини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқларининг кафолатларини янада кучайтиришга ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга, айниқса, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган тизимли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Мазкур қонун ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда “боланинг энг устун манфаатлари” тушунчасининг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда ва у болага тааллуқли ҳар қандай масалани ҳал этишда устувор мезон сифатида қайд этилмоқда.
Оила кодексига киритилаётган тегишли ўзгартиришлар билан оилада бола манфаатига оид ҳар қандай масала кўрилаётганда бола ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда.
Шу билан бирга, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат органларининг ваколатлари ҳам кенгайтирилмоқда.
Жумладан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кўзлаб, судларга давлат божи тўламасдан ариза, шикоят ва даъволар тақдим этиш, суд мажлисларида ўзининг ваколатли вакили орқали иштирок этиш ҳуқуқи берилмоқда.
Бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларни махсус марказларга жойлаштириш билан боғлиқ ижтимоий кафолатлар аниқлаштирилиб, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг махсус марказга жойлаштирилганлигига бир ойдан ортиқ бўлмаган даври унга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини бериш учун асос бўлиши назарда тутилмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур қонун болалар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда янги босқични бошлаб бериб, жамиятда инсонпарварлик ва ижтимоий адолат тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.
Ушбу қонун жамиятда адолат ва қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ҳамда суд тизими шаффофлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қатор принципиал ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, автомобиль бозоридаги фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида Кодекс янги 178²-модда билан тўлдирилмоқда. Унга кўра автотранспорт воситасининг босиб ўтган масофасини кўрсатувчи одометр ускунаси кўрсаткичлари ўзгартирилганлиги ёки алмаштирилганлиги ҳақида харидорни хабардор этмаганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Бу норма истеъмолчиларнинг товар ҳақида ҳаққоний ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган бўлиб, иккиламчи автомобиль бозоридаги ноҳалол амалиётларга чек қўяди.
Қонуннинг яна бир муҳим йўналиши – вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдир. Эндиликда вояга етмаган шахслар иштирокидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини кўриш жараёнида педагог ёки психологнинг иштирок этиши мажбурий этиб белгиланмоқда.
Бу вояга етмаганларнинг руҳий ҳолатини инобатга олиш, уларга нисбатан босим ўтказилишининг олдини олиш ва халқаро стандартларга мос равишда бола манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатини яратади.
Шунингдек, қонун билан маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини юритишда “рад қилиш” ва “ўзини ўзи рад этиш” институти илк бор тизимлаштирилмоқда. Бу эса судья ёки бошқа ваколатли шахснинг ишга бўлган манфаатдорлигини бартараф этиш ва қарорларнинг холислигини таъминлашга хизмат қилади.
Транспорт воситасини бошқариш ёки ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддатини қисқартириш тартиби ҳам такомиллаштирилмоқда. Мазкур масала эндиликда фақат суд томонидан аниқ белгиланган шартлар асосида кўриб чиқилади. Агар шахс муқаддам ушбу имтиёздан фойдаланган бўлса ёки жазо муддати давомида такроран ҳуқуқбузарлик содир этса, унга нисбатан бундай енгиллик қўлланилмайди.
Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, қонуннинг қабул қилиниши маъмурий жавобгарлик тизимини инсонпарварлик ва адолат принциплари асосида ислоҳ қилишга хизмат қилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Сенатнинг 15-ялпи мажлисида “Маданий мерос соҳасидаги давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви тизими босқичма-босқич такомиллаштирилиб, ваколатли органларнинг функциялари қайта кўриб чиқилди.
Қонун ана шу ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, соҳада ваколатларни аниқ белгилаш ҳамда қонун ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштиришга қаратилган.
Қонунга мувофиқ маданий мерос соҳасида давлат бошқаруви органларининг ваколатлари аниқ ажратилиб, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича ваколатлар Маданий мерос агентлигига, номоддий маданий мерос объектлари билан боғлиқ ваколатлар эса Маданият вазирлигига тегишли эканлиги назарда тутилмоқда.
Хусусан, Маданий мерос агентлигига моддий маданий мерос объектларини ҳисобга олиш, давлат кадастрини юритиш, тарихий-маданий экспертиза ўтказиш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида давлат назоратини амалга ошириш вазифалари юклатилмоқда.
Қонун билан маданий бойликларнинг муомаласи, жумладан, уларни кимошди савдолари орқали реализация қилиш тартиби такомиллаштирилиб, ушбу жараёнларни ваколатли орган билан келишган ҳолда амалга ошириш механизми жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, археология ёдгорликларини тадқиқ этишни фақат тегишли рухсатнома асосида амалга ошириш, маданий мерос объектларининг ҳолатини мунтазам назорат қилиш ҳамда уларни ҳар беш йилда кўрикдан ўтказиш тартиби белгиланмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, қонун маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштиришга, ваколатлар тақсимотида аниқликни таъминлашга ҳамда соҳада ягона ва самарали бошқарувни йўлга қўйишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига иқтисодий ва маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар ва тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Таъкидлаб ўтилганидек, мазкур қонун билан Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга муҳим ўзгартиришлар киритилмоқда.
Экстерриториал судлов тартибининг жорий этилиши асосий янгиликлардан бири ҳисобланади. Эндиликда фуқаролар ва тадбиркорлар ўзлари истаган тегишли судга мурожаат қилиши учун имконият яратилади. Маъмурий судларга “дастлабки эшитув” институти киритилмоқда, бу эса ишларни судда кўриш сифатини оширади.
Қонунда давлат органларининг масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, давлат органи мансабдор шахсининг суд мажлисида иштирок этиши мажбурий этиб белгиланмоқда. Бундан ташқари, “ишончнинг ҳуқуқий ҳимояси” принципи мустаҳкамланмоқда, яъни давлат органининг хатоси учун жавобгар тадбиркор эмас, балки ўша орган бўлишини англатади.
Иқтисодий судлар тизими ҳам мақбуллаштирилиб, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ўрнига туманлараро иқтисодий судлар ташкил этилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши инвестиция муҳитини яхшилашга, коррупциявий омилларни камайтиришга ва инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Олий Мажлис Сенатининг 15-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва миллат генофондини асраш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Сўнгги йилларда дунё миқёсида синтетик наркотикларнинг янги турлари ва “наркомания” хавфи ортиб бораётгани мазкур соҳадаги қонунчиликни қайта кўриб чиқишни тақозо этди.
Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ва бошқа қонунларга ўзгартиришлар киритилмоқда.
Хусусан, нафақат гиёҳвандлик воситалари, балки кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун ҳам жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Сенаторлар томонидан қайд этилганидек, қонунда илк бор “ғайриқонуний нарколаборатория” ташкил этганлик ва унинг фаолиятини таъминлаганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини Интернет тармоғи орқали тарқатиш ва тарғиб қилиш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қонунга киритилмоқда.
Ёшларни ушбу иллатдан ҳимоя қилиш мақсадида таълим муассасалари, оромгоҳлар ва ётоқхоналарга туташ ҳудудларда содир этилган наркожиноятлар учун жазо чоралари янада кучайтирилмоқда.
Ўта оғир турдаги наркожиноятлар содир этган шахсларга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш тартиби қўлланилмаслиги белгиланмоқда.
Сенаторлар фикрича, ушбу қонун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятчиликка қарши курашиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратишга ҳамда соҳага оид фаолият самарадорлигини оширишга, “наркотиклардан холи муҳит” яратишга, айниқса, ёш авлодни гиёҳвандлик балосидан асрашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шунингдек, Сенатнинг ялпи мажлисида сенаторлар “Рақамли маркировкалаш тизимининг самарадорлиги оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилди.
Сўнгги йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланиб, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш, соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда асоссиз текширувларнинг олдини олишга қаратилган муайян ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, аҳолини сифатли истеъмол маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда маҳсулотлар ноқонуний равишда ишлаб чиқарилиши ва муомалага киритилишининг олдини олиш учун қонунчиликда белгиланган айрим турдаги маҳсулотларни идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш ва ушбу маҳсулотларнинг айланмасини кузатиб бориш тизимини янада кучайтириш зарурати юзага келмоқда.
Сенаторлар ўз чиқишларида товарларни маркировкалаш истеъмолчиларни сифатсиз, сохта маҳсулотларни сотиб олишдан ҳимоялашга мўлжалланганлигини ва маркировканинг мавжудлиги ишлаб чиқарувчини қонун нормалари ва сифат стандартларига қатъий риоя этишга ундашини билдирди.
Қонун билан Солиқ кодексига товарларни (маҳсулотларни) мажбурий маркировкалаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик тўғрисида икки марта расмий огоҳлантириш берилганидан кейин масофавий солиқ текширувини ўтказишни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, қонунда масофавий солиқ текширувини ўтказиш муддати 5 кун бўлиши ҳамда далолатнома электрон ҳужжат кўринишида расмийлаштирилиши белгиланмоқда.
Сенаторлар қайд этганидек, қонун қабул қилиниши хуфиёна айланма ва яширин иқтисодиётнинг мамлакат иқтисодиётидаги улушини қисқартириш, аҳолига сифатсиз ёки қалбаки маҳсулотларни (спиртли ичимлик, тамаки маҳсулоти, дори воситалари, салқин ичимлик ва бошқалар) реализация қилиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шундан сўнг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда халқ ҳокимиятини тўлақонли рўёбга чиқариш ҳамда давлат бошқарувида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш ислоҳотларнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Сўнгги йилларда маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича ваколатлари тобора кенгайиб бормоқда.
Мазкур қонун билан маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида бошқарувни тизимли ташкил этиш ва ижро ҳокимияти устидан парламент назоратининг ҳудудий шаклларини такомиллаштиришга қаратилган қатор ўзгартиришлар киритилмоқда.
Хусусан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида Кенгаш раиси ўринбосари институти жорий этилмоқда. Эътиборли жиҳати, ушбу лавозимдаги шахс бир вақтнинг ўзида Кенгаш котибияти мудири ваколатларини ҳам амалга оширади. Унга котибият ходимларини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ваколатининг берилиши Кенгаш аппаратининг маҳаллий ижро ҳокимиятидан тўлиқ мустақил бўлишини таъминлайди.
Маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш, сессиялар оралиғида ишларни самарали мувофиқлаштириш мақсадида Кенгаш Раёсати ташкил этилмоқда. Раёсат таркибига Кенгаш раиси, унинг ўринбосари, доимий комиссиялар раислари ва сиёсий партиялар гуруҳлари раҳбарлари киритилиши белгиланмоқда.
Илк бор маҳаллий давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитишга қаратилган “Кенгаш соати” институти жорий этилмоқда. Бунда депутатлар аҳолини қийнаётган шошилинч масалалар юзасидан мутасаддилардан тезкор жавоб олиш имкониятига эга бўлади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда ушбу масала Раёсатда кўриб чиқилиши ва кейинчалик сессияда тасдиқланиши мумкин.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур қонун маҳаллий ҳокимият тизимида демократик тийиб туриш ва мувозанат механизмларини қарор топтиришда муҳим ҳуқуқий асос ҳисобланади.
Қонуннинг қабул қилиниши маҳаллий Кенгашларнинг ижтимоий мавқеини оширишга, ҳудудий муаммоларни ҳал этишда вакиллик назоратининг таъсирчанлигини кучайтиришга ҳамда давлат ҳокимияти тизимида тийиб туриш ва мувозанат сақлаш механизмини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Сенатнинг 15-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳолининг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратиш, жисмоний ва юридик шахслар томонидан қурилган кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш ишларини янада жадаллаштириш, ваколатли ташкилотларнинг масъулиятини ошириш, ҳуқуқни эътироф этиш билан боғлиқ айрим механизмларни соддалаштириш, фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш зарурати юзага келмоқда.
Мазкур қонун билан “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги ҳамда “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонунларга ҳуқуқларни эътироф этиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартиришга ҳамда ҳуқуқларни эътироф этиш ишлари билан боғлиқ шикоятларни кўриб чиқиш жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида солиқ қарздорлиги тушунчаси аниқлаштирилиб, ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун бир марталик тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби ва шартлари жорий этилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун билан киритилаётган нормалар жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини эътироф этишга тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шунингдек, Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, қонун инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жиноят-ижроия тизимини янада такомиллаштириш ҳамда пробация институтининг самарадорлигини оширишга қаратилган.
Қонунда бир қатор муҳим янгиликлар назарда тутилмоқда. Хусусан, Жиноят кодексига киритилаётган ўзгаришларга мувофиқ жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахслар устидан назорат кучайтирилиб, уларнинг ваколатли органларга вақти-вақти билан келиб рўйхатдан ўтиб туриш мажбурияти белгиланмоқда.
Шунингдек, судга шартли озод қилинган шахс зиммасига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиш масаласини кўриб чиқишда адвокат ёки шахснинг ўзи илтимоснома киритиши учун имконият яратилмоқда.
Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган ўзгартиришлар орқали шартли озод қилишни бекор қилиш тартиби аниқлаштирилиб, ушбу масалаларни кўриб чиқиш маҳкум истиқомат жойидаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди судьяси томонидан ҳал қилиниши назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, Жиноят-ижроия кодекси янги боб билан тўлдирилиб, шартли озод қилинган шахслар устидан назоратнинг ҳуқуқий механизмлари, уларнинг мажбуриятлари ва назоратни тугатиш тартиби белгиланмоқда.
“Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Қонунга тергов ҳибсхоналарида ушлаб турилган шахслар дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунлари камида икки соат сайр қилиши ҳамда қўшимча тарзда кийим-бош ҳамда пойабзал олиши белгиланмоқда. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини ва энг зарур нарсаларни сотиб олиш учун уларга белгиланган пул миқдорини меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир бараваригача оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенат аъзолари таъкидлаганидек, мазкур қонун жамиятда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шахсларни тўғри йўлга қайтариш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати