Ўзбекистон Президенти кўп қутбли дунё шаклланаётган шароитда “ШҲТ плюс” формати ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини кўрсатди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “БМТ адолатли дунё тартиботининг асосий бўғини сифатида: “ШҲТ плюс” давлатларининг кўп қутбли дунёни шакллантиришга қўшаётган ҳиссаси” мавзусидаги “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда иштирок этди.
Тадбирда ташкилотга аъзо давлатлар делегациялари ва унинг доимий фаолият юритувчи органлари раҳбарлари билан бир қаторда, кузатувчи ва ҳамкор мамлакатлар етакчилари, фахрий меҳмонлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ва бошқа халқаро тузилмаларнинг юқори лавозимли мансабдорлари ҳам қатнашди.
Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида дунёда рўй бераётган ўзгаришлар шароитида БМТ ва минтақавий тузилмаларнинг ролига тўхталиб ўтди.

– Давлатлар ва минтақавий бирлашмалар глобал институтларга уларнинг универсал вазифасини янада самарали амалга оширишда қандай кўмак бериши мумкинлигини белгилаб олиш муҳимдир, – деди мамлакатимиз етакчиси.
Ушбу ёндашувга кўра, БМТ ўзининг марказий, мувофиқлаштирувчи ролини сақлаб қолиши, минтақавий тузилмалар эса аввало маҳаллий шароитлар, эҳтиёжлар ва имкониятларга таянган ҳолда умумий тамойиллар ва қарорларнинг амалга оширилишига кўмаклашиш орқали унинг саъй-ҳаракатларини тўлдириши лозим.
Бундай мантиқдан келиб чиқилганда, “ШҲТ плюс” формати давлатлар, минтақалар ва ташкилотларни умумий кун тартиби атрофида бирлаштира олиши, бу ерда турли ташаббусларни ўзаро уйғунлаштириш ва глобал бошқарув архитектурасини шакллантириш бўйича мулоқот олиб бориш мумкинлиги туфайли алоҳида чуқур мазмун касб этади.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Евроосиё маконида очиқ ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори.
– Биз учун ўзаро боғлиқлик – стратегик мустақиллик ва барқарорлик масаласидир. Биз шундай кўп қутблилик тарафдоримизки, у янги ажратувчи чизиқларни яратмайди, балки имкониятлар маконини кенгайтиради, минтақавий лойиҳа ва ташаббуслар ўзаро рақобатлашмайди, балки бир-бирини самарали тўлдиради, – деди мамлакатимиз етакчиси.

Учрашув кун тартибидан келиб чиқиб, қатор истиқболли таклифлар илгари сурилди.
Аввало, “ШҲТ плюс” форматини барқарор ўсиш, юқори технологияларни жорий этиш, иқлимга мослашиш, инсон капиталини ривожлантириш, ҳаммабоп таълим ва ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича минтақалараро мулоқот майдони сифатида ривожлантириш таклиф этилди.
Тажриба алмашиш, ёндашувларни мувофиқлаштириш ва БМТ доирасида ечимларни биргаликда илгари суриш мақсадида “ШҲТ плюс” формати минтақавий ташкилотларнинг Ҳамкорлик тармоғини яратиш учун платформа бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Устувор вазифалардан бири эса БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда минтақавий ташкилотлар салоҳиятидан янада фаол фойдаланиш саналади.
Тажриба алмашиш механизми сифатида табиатдан фойдаланиш, “яшил” энергетика, рақамли хизматлар ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларида минтақалараро лойиҳалар ва технологияларнинг Очиқ банкини шакллантириш таклиф этилди.
Кенг кўламли иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
– Бизнес барча жойда бозорларга кириш тартиб-таомилларининг соддалаштирилиши, трансчегаравий йўлакларнинг ишга туширилиши ва тўғридан-тўғри инвестициялар оқими кўринишида амалий натижаларни ҳис қилиши лозим, – деди Президентимиз.

Самарадорликнинг ана шундай аниқ кўрсаткичларига эришиш мақсадида “ШҲТ Инвест” форумига доимий фаолият юритувчи платформа тусини бериш ташаббуси илгари сурилди.
Сиёсий тизимлари, маданий анъаналари ва халқаро жараёнларга қарашлари турлича бўлган давлатларнинг ҳамкорлик борасида тўпланган ноёб тажрибасини янада ривожлантириш мақсадида “ШҲТ плюс” маданиятлар ва цивилизациялар доимий форумини таъсис этиш ҳамда ушбу тадбирни илм-фан ва маърифатнинг қадимий маркази бўлган Хива шаҳрида ўтказиш таклиф этилди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида “ШҲТ плюс” формати замон тақозо этаётган мулоқот майдони эканини, мамлакатлар ва минтақалар ўртасидаги муштараклик нуқталари қанчалик кўп бўлса, барқарорлик ҳамда ўзаро ишонч учун асос шунчалик мустаҳкам бўлишини таъкидлади.