Ўзбекистон: оқ-қора тарихдан тараққиётнинг янги ранглари сари
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Россиянинг “Комсомольская правда” нашрида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази директори ўринбосари, сиёсий фанлар доктори (PhD) А.Юсуповнинг “Ўзбекистон: оқ-қора тарихдан тараққиётнинг янги ранглари сари” номли таҳлилий мақола эълон қилинди.
Мақолада Ўзбекистоннинг 35 йиллик мустақиллик даврида босиб ўтган йўли, мамлакатда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва тараққиётнинг янги босқичи ҳақида фикр юритилади.
Қайд этилишича, узоқ вақт давомида Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий модели “оқ-қора” тусда, яъни қатъий марказлашган, ёпиқ ва давлатнинг ўзгармас қоидаларига боғланиб қолган эди. Эски тизимнинг икки асосий қутби (“ранги”) маъмурий-буйруқбозлик бошқаруви ва хомашёга қарамликдан иборат эди. Мамлакат асосан пахта, олтин ва газ экспорти билан боғлиқ ҳолда тасаввур қилинар эди.
“Оқ-қора” тарихдан янги босқичга ўтиш – бу ҳаётнинг бир хил тусдаги ҳолатидан ранглар ва имкониятлар хилма-хиллиги сари ўтишини англатувчи парадигма алмашинувидир.
Бу анъанавий қараш ва тамойилларни қайта англаш ҳамда баҳолашни талаб этадиган чуқур трансформация жараёнидир.
Муаллиф фикрича, мустақиллик авлоди мамлакат тарихий манзарасининг рангини тубдан ўзгартирмоқда. Унинг учун мустақиллик – ўтган асрдаги сиёсий бурилиш ҳақидаги хотира эмас. Бу авлод совет даври тажрибаси ва дунёқараши таъсирида шаклланмаган.
Муаллиф мустақилликнинг 35 йиллигини нафақат тарихий сана, балки замонавий Ўзбекистон давлатчилигининг шаклланиши ва янги тараққиёт босқичига ўтиш циклининг бошланиши сифатида баҳолайди.
Мақоланинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда мамлакат тараққиётининг сўнгги 10 йилликдаги асосий ютуқлари таҳлил қилинган.
🔹Иқтисодий ислоҳотлар ва диверсификация. Ўзбекистоннинг хом-ашёга боғлиқ иқтисодиётдан юқори қўшилган қиймат яратадиган, замонавий ишлаб чиқариш ва хизматларга таянган янги иқтисодий тизимга ўтиш жараёни ёритилади.
🔹Очиқлик ва инвестициявий жозибадорлик. Иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорлик учун яратилган имкониятлар ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасидаги ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилган.
🔹Рақамлаштириш ва IT соҳаси. Замонавий технологияларни жорий этиш, рақамли давлат хизматларини ривожлантириш ва ёш кадрлар учун янги имкониятлар яратиш мамлакат тараққиётининг муҳим омилларидан бири сифатида кўрсатилади.
🔹Инсон капитали ва ижтимоий сиёсат. Таълим, аҳоли фаровонлиги, ижтимоий ҳимоя ва инсон салоҳиятини ривожлантириш ислоҳотларнинг асосий устувор йўналишлари сифатида қайд этилади.
🔹Давлат ва жамият муносабатларининг янги модели. Фуқароларнинг фикри ва эҳтиёжларини инобатга олиш, давлат органларининг аҳоли билан мулоқотини кучайтириш ҳамда бошқарув самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгаришлар таҳлил қилинади.
🔹Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсати минтақада барқарорлик ва ҳамкорликни таъминлашнинг муҳим омили сифатида баҳоланади.
Мақолада 35 йиллик тарихий даврда катта ютуқларга эришган Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Хитой ва Финляндия каби давлатларнинг модернизация жараёнлари таҳлил қилинган. Хусусан, муаллиф бу орқали мамлакат тараққиётининг асосий мезони фақат иқтисодий ресурслар эмас, балки инсон капитали, инновациялар, самарали институтлар ва ўзгаришларга мослашиш салоҳиятининг мавжудлиги дея таъкидлайди.
Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистон тараққиётининг кейинги босқичида асосий эътибор янгилик яратиш, инсон салоҳиятини ривожлантириш, рақамлаштиришни жадаллаштириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва глобал чақириқларга самарали жавоб беришга қаратилиши лозим.
Умуман, муаллиф мақолада Ўзбекистоннинг 35 йиллик мустақиллик давридаги ўзгаришларини сарҳисоб қилиш билан бирга, мамлакатнинг келгуси тараққиёт истиқболларига назар ташлайди.