Ўзбекистон – Нидерландия: агросаноат соҳасида ҳамкорлик ривожланмоқда
Шу кунларда Агросаноатни ривожлантириш агентлиги директори Нурали Абдуллаев бошчилигидаги делегация аъзолари Нидерландияда амалий ташриф билан бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ҳамда Нидерландиянинг етакчи таълим ва амалий тайёргарлик марказларидан бири AERES Training Centre вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида боғдорчилик йўналишида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш, илғор хорижий тажрибаларни амалиётга жорий этиш ҳамда мавжуд муаммоларга инновацион ечимлар ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида жорий йилнинг июль ойида AERES университети вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Нидерландиянинг илғор тажрибаси асосида агрономлар ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга қаратилган ҳамкорлик дастурларини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.
Қайд этилганидек, мазкур ҳамкорлик боғдорчилик соҳасида замонавий билим ва тажрибаларни жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Г.Бобоева, ЎзА