Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йилида меҳнат қонунчилиги ривожланиш тенденцияси
35 йиллик тараққиёт: меҳнат қонунчилигининг эволюцияси
Бу йил Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” бош ғояси остида нишонланмоқда. Истиқлол мамлакатимизнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида туб ўзгаришларни бошлаб бериш билан бирга, миллий ҳуқуқий тизимни шакллантириш учун ҳам замин бўлди. Меҳнат қонунчилигининг босқичма-босқич такомиллашуви натижасида иш берувчи ва ходимлар ҳуқуқлари кафолатлари ҳамда меҳнат бозорини тартибга солиш механизмлари сезиларли даражада ўзгарди. Шу жиҳатдан, меҳнат қонунчилигининг ривожланиш тенденцияларини таҳлил қилиш нафақат унинг тарихий эволюциясини, балки бугунги меҳнат муносабатларининг ҳуқуқий асослари ва келгусидаги ривожланиш йўналишларини ҳам англаш имконини беради.
Меҳнат ҳуқуқининг уч босқичли тараққиёт йўли
Мустақиллик давридаги Ўзбекистон меҳнат қонунчилигининг ривожланиш тенденциясини уни уч асосий даврга ажратиш мумкин. Хусусан, 1991–1995 йиллар совет даври меҳнат қонунчилигидан миллий меҳнат қонунчилигига ўтиш ва янги ҳуқуқий тизимни шакллантириш даври, 1995–2023 йиллар миллий меҳнат қонунчилигини ривожлантириш ва такомиллаштириш даври, 2023 йилдан ҳозирги кунгача бўлган давр эса замонавий меҳнат ҳуқуқи ва рақамли меҳнат муносабатларини шакллантириш босқичидир. Меҳнат қонунчилигининг ривожланиши давлат томонидан марказлашган тартибга солиш моделидан миллий, шартномавий, бозор тамойилларига асосланган замонавий моделга ўтиш тенденциясини намоён этади.
Совет давридан мерос қолган меҳнат-ҳуқуқий тизим
1971 йилдаги “Ўзбекистон ССРнинг Меҳнат қонунлари тўғрисидаги кодекси” республикада меҳнат муносабатларини тартибга солувчи асосий кодификацияланган ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланган. Ушбу ҳужжат 1991 йилда Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритган даврда ҳам амалда бўлиб, 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси қабул қилингунга қадар, қарийб 5 йил давомида ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий манбаси бўлиб хизмат қилди. Мазкур Кодекс меҳнат муносабатларини давлат ва социалистик хўжалик тизими манфаатлари асосида қатъий тартибга солган ҳужжат эди.
Ушбу Кодексга кўра, нормал иш ҳафтаси давомийлиги 41 соат эди. Узрли сабабсиз уч соатдан ортиқ ишда бўлмаслик яъни “прогул” ишдан бўшатишга асос бўлган. Ёш мутахассисларга давлат йўлланмаси асосида корхоналарда уч йил ишлаб бериш мажбурияти юкланган. Шунингдек, меҳнат интизомини бузганлик учун кам ҳақ тўланадиган ишга вақтинча ўтказиш ёки пастроқ лавозимга тушириш жазоси қўлланилар эди. Меҳнат қилиш фуқаронинг нафақат ҳуқуқи, балки жамият олдидаги бурчи сифатида эътироф этилган. Халқ хўжалигининг зарур тармоқларини ишчи кучи билан таъминлаш мақсадида “уюшган ҳолда ишчиларни жалб қилиш” тизими амал қилган.
Миллий Меҳнат кодексига биринчи қадам
Ўзбекистон 1995 йилда янги миллий Меҳнат кодексини қабул қилиб, собиқ Иттифоқ республикалари орасида миллий меҳнат қонунчилигини кодификация қилган биринчи давлат бўлди. Кейинчалик Қирғизистон ва Тожикистон 1997 йилда, Озарбайжон, Қозоғистон ва Беларус 1999 йилда, Латвия ва Россия 2001 йилда, Литва 2002 йилда, Молдова 2003 йилда, Арманистон 2004 йилда, Грузия 2006 йилда, Эстония 2008 йилда ҳамда Туркманистон 2009 йилда янги Меҳнат кодексларини қабул қилган. Украина эса совет давридан қолган 1971-йилги Меҳнат қонунлари кодексини узоқ вақт давомида сақлаб қолди.
Мустақил Ўзбекистон Меҳнат кодекси совет қонунчилигидан тубдан фарқ қилди. Янги кодекс меҳнатни эркин танлаш ҳуқуқига асосланган муносабат сифатида эътироф этди. Мажбурий меҳнатни тақиқлади. Давлат бошқарувига асосланган хўжалик тизимидан фарқли равишда, 1995-йилги кодекс бозор иқтисодиёти шароитида турли мулкчилик шаклидаги иш берувчилар билан меҳнат муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солди. Меҳнат ҳуқуқининг марказлашган-маъмурий моделидан шартномавий-ҳуқуқий ҳимояга асосланган моделига ўтилди.
581 модда: Ўзбекистон меҳнат ҳуқуқидаги янги давр
2022 йилда қабул қилинган янги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси меҳнат қонунчилигини бизнес муносабатларига мослаштиришга қаратилган янги босқични бошлаб берди. Мазкур кодекс аввалги кодексдан ўзининг ҳажми ва тартибга солиш доираси билан сезиларли даражада фарқ қилади. Аввалги Меҳнат кодекси 294 моддадан иборат бўлган бўлса, янги Меҳнат кодекси 581 моддани ўз ичига олиб, меҳнат муносабатларини янада батафсил ва тизимли тартибга солишни назарда тутади.
Янги кодекс бизнес вакилларига меҳнат шартномасини унда белгиланган асослар бўйича бекор қилиш имкониятини берди. Ходимларнинг ишга тиклаш бўйича судга мурожаат қилиш муддати уч ойгача, бошқа низолар бўйича эса олти ойгача узайтирилди. Меҳнат дафтарчаси ва иш стажи тўлиқ электронлашиб “Ягона миллий меҳнат тизими”га интегратсияланди. Иш стаж ошгани сари ишдан бўшатиш нафақаси миқдори кўпайиб бориш механизми жорий этилди. Мазкур янгиликлар меҳнат бозорининг мослашувчанлиги, ходим ҳуқуқларини кафолатлаш ва халқаро стандартларга асосланган замонавий модель эволюциясини кўрсатиб берди.
Хулоса
Хулоса ўрнида, сўнгги йилларда Ўзбекистонда меҳнат бозори сезиларли даражада кенгайди. Қайд этилишича, иш билан банд бўлганлар сони 1,5 баробар, яъни 8,8 миллиондан 13,5 миллион нафаргача, иш берувчилар сони эса 4,5 баробар, яъни 203,2 мингдан 928,9 минг нафаргача ошди. Бу жараёнлар меҳнат муносабатларининг мазмуни ва иштирокчилари таркибида ҳам сезиларли ўзгаришларни юзага келтирди. Шундай экан, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, нафақат янги миллий меҳнат қонунчилиги, балки меҳнат муносабатларини тартибга солишнинг янги модели ҳам шаклланди. Мазкур модель марказлашган-маъмурий бошқарувдан меҳнат эркинлиги, шартномавийлик, бозор тамойиллари, иш берувчи ва ходим манфаатлари мувозанати ҳамда инсоннинг меҳнат ҳуқуқларини кафолатлашга асосланган замонавий тизимга ўтиш билан тавсифланади.
Рахимов Мирёқуб Актамович
Тошкент давлат юридик универистети
Тадқиқот маркази раҳбари, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент