Ўзбекистон – Мўғулистон бизнес форуми
Савдо-саноат палатасида 2 июнь куни Ўзбекистон – Мўғулистон бизнес форуми бўлиб ўтди.
Икки давлат вазирлик ва идоралари, бизнес доиралари ҳамда саноат бирлашмалари вакилларидан иборат юздан зиёд ишбилармон иштирок этган анжуманда савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорлик истиқболи муҳокама қилинди.
Ўтган даврда Ўзбекистон – Мўғулистон муносабати изчил кенгайиб, мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди. Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик фаоллашгани қайд этилди.
Айни пайт республикамизда Мўғулистон капитали иштирокида 4 та корхона пиллачилик, чорвачилик, савдо ва хизмат кўрсатиш бўйича фаолият кўрсатиб келмоқда.
Узоқ муддатли манфаатлар уйғунлигидан келиб чиқиб, икки мамлакат тадбиркорларининг очиқ мулоқоти, амалий ҳамкорлигини давом эттириш истаги маълум қилинди.
[gallery-7420]
Мўғулистон Миллий савдо-саноат палатаси раҳбари Отгондаваа Амартувшин сўнгги йилларда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида илиқ дўстона муносабат ўрнатилганини, иқтисодиётнинг кўплаб соҳаларида шерикликни ривожлантириш учун яхши имконият мавжудлигини таъкидлади.
Меҳмонлар Ўзбекистон савдо-саноат палатаси фаолияти билан яқиндан танишди. Уларга мамлакатимизда тадбиркорликни фаол ривожлантириш, иқтисодиётда хусусий секторнинг ролини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида маълумот берилди.
Ҳукуматимиз томонидан инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесга солиқ юкини камайтириш, хусусий мулк ва хорижий капитални ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмини мустаҳкамлаш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилаётгани айтиб ўтилди.
Икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича устувор йўналишлар санаб ўтилди. Мўғулистон ишбилармонлари билан янада самарали ишлаш учун манзилли, истиқболли лойиҳа таклифлари илгари сурилди.
Тадбир якунида икки мамлакат делегациялари раҳбарлари ишбилармон доиралар вакилларини иқтисодий шерикликнинг янги “ўсиш нуқталари”ни ишлаб чиқиш мақсадида фаол, конструктив мулоқотни давом эттиришга чақирди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзАмухбири